14-19 ноябрь кунлари Тошкент мода ҳафталиги бўлиб ўтади

окт 26 / 2017

alt

Шу йилнинг 14 ноябридан 19 ноябрига қадар пойтахтимизда “Тошкент мода ҳафталиги-2017” бўлиб ўтади.

6 кун давомида “Миллий либослар”, “Tashkent Fashion Performance”, ёш дизайнерлар танлови, маҳаллий ва хорижий дизайнерларнинг муаллифлик намойишлари ўтказилади. Ҳафталик доирасида, шунингдек, етакчи дизайнерлардан маҳорат дарслари ҳам ташкил этилади. Ўзбек матолари ва халқ амалий санъати намунлари кўргазмаси ҳам кўзда тутилган.

Ҳафталикда илк бора Италия элчихонаси билан биргаликда “Италия модасига 60 йил” кўргазмаси ташкил этилади. Унда дунё брендлари Roberta di Camerino, Galitzine, Prada, Giorgio Armani, Brioni, Versace ва бошқаларнинг коллекциялари намойиш этилади. Шунингдек, Италия модаси кунларини ҳам ўтказиш, унда Antonio Grimaldi, Fulvio Luparia ҳамда Турин мода ҳафталигида иштирок этган 4 нафар дизайнерларнинг бренд коллекцияларини намойиш этиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, Франция, Жанубий Корея ва Қирғизистондан келадиган дизайнерлар ҳам Тошкент мода ҳафталигида иштирок этиши кутилмоқда.

Ҳафталик мобайнида 850 га яқин либослар жамланмасини ҳавола этиш кўзланган.

Тошкент мода ҳафталигининг асосий ташкилотчиси “Osiyo Ramzi” Ўзбекистон дизайнерлари Ассоциациясидир. Шу билан бирга, ҳафталик давлат кўмаги ҳамда “Ўзбекипаксаноат” Ассоциацияси, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда ўтказилади.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *