Ўзбекистонда тайёрланган рекорд палов 7 тоннадан ошди (ФОТО)

сен 08 / 2017

alt

8 сентябрь куни Milliy телеканали жамоаси томонидан ташкил этилган «O’ZBEGIM» Миллий қадриятлар фестивали доирасида дунёда энг катта ош тайёрланди. Паловнинг оғирлиги 7 тонна-ю 360 кгни ташкил этди.

Паловни тайёрлаш учун рекорд миқдордаги масаллиқлардан фойдаланилди. Хусусан, 1 500 кг мол гўшти, 400 кг қўй гўшти, 220 кг думба ва энг асосийси, 1 900 кг гуруч. Улкан қозонга 2 700 кг сабзи, 220 кг пиёз, 440 литр ўсимлик ёғи, 57 кг туз ҳам солинади. Буларнинг барчасига 100 кг нўхат, 190 кг узум, 5 кг зира, 2 кг янчилган қалампир, 1 кг зарчава ва 350 литр сув қўшилиб, таъми ростланди.

Таом диаметри 4,2 метр, ҳажми 8000 литр бўлган, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида махсус қуйилган қозонда пиширилди. Қозоннинг умумий оғирлиги 7070 кгни, чуқурлиги 1 метрни ташкил этди. Қозон ўчоғи эса деярли 3 тонна бўлди.

Рекордни қайд этиш учун Guinness World Records вакиллари: ҳакам — Ричард Стеннинг (Richard Stenning), тасвирчи — Оливер Грейнджер (Oliver Granger), бошловчи, халқа айлантириш бўйича дунёнинг саккиз карра рекордчиси Марава Вомп (Marawa Wamp) Ўзбекистонга келишди. Уларга 4 нафар гувоҳ ҳамда ДСЭНнинг икки нафар инспекторлари ёрдам беришди.

Тайёр ош шу куннинг ўзида “Мурувват”, “Саҳоват”, қариялар ва ногиронлар уйларига ҳамда фестиваль ҳудудидаги 14 та жойда меҳмонларга тарқатилди.

Ош тайёрлаш жараёни фестиваль ўтказилган ҳудудга, хусусан, Форумлар саройи, Темурийлар тарихи давлат музейи олдида ўрнатилган 17 та катта экранларда тўғридан-тўғри намойиш этилди. Трансляция, шунингдек, Milliy телеканалида ва Guinness World Records'нинг  Facebook'даги саҳифасида ҳам олиб борилди.

Фото:

alt

alt

alt

alt

alt

alt

alt

alt

alt

alt

alt

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *