Ислом Каримов фонди томонидан марғилонлик ҳунармандлар ижодий фаолиятига бағишланган альбом-каталог нашр этилди

окт 05 / 2017

alt

Ислом Каримов номидаги фонд томонидан бадиий ҳунармандлик – ипакчиликнинг бебаҳо меросига бағишланган “Авлодларни боғловчи ришта” альбом-каталоги чоп этилди. Бу ҳақда Фонднинг Фейсбукдаги саҳифасида маълум қилинди.

Қайд этилишича, каталогда Марғилон ипакчилиги, жумладан, абрбанди тўқувчи-усталар сулоласи – Мирзааҳмедовларнинг ижодий фаолиятига доир маълумотлар жамланган.

Турғунбой ва унинг ўғли Расул Мирзааҳмедовлар Марғилон ҳунармандлари анъаналарини асраб-авайлаб ижодий бойитган ҳолда, ўзбек абрбанди матолар ишлаб чиқаришни қайта тиклашга катта ҳисса қўшишган.

Каталогда ота ва ўғил усталар томонидан яратилган шойи, беқасаб, адрас, банорас, бухороча аъло бахмал каби ранго-ранг ипак матолар намуналари, шунингдек, тўқувчилик ҳунарига доир ноёб фотосуратлар ўрин олган.

Ушбу нашрни ўзбек ипакчилигини асраб-авайлаш, тиклаш ва ривожлантириш, умуман, бетакрор ва барҳаёт бадиий ҳунармандликка бағишланган салмоқли тадқиқот деб аташ мумкин.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *