"Исломхўжа" фильми "костюмлаштирилган томоша"ми?

авг 16 / 2018

alt

15 август куни “Исломхўжа” бадиий-публицистик фильмининг ёпиқ премьераси бўлиб ўтди. "XXI аср" газетасида мазкур фильм ҳақида бироз танқидий фикрлар эълон қилинди

Маълумот ўрнида, Исломхўжа тарихий шахс бўлиб, XIX аср охири – XX аср бошларида Хива хонлигида аввал Муҳаммад Раҳимхон II (Феруз), сўнгра эса унинг ўғли Асфандиёрхон (Фаррух)га хизмат қилган ислоҳотчи бош вазирдир. Фильмда бош вазирнинг сирли ўлими тафсилотларини ўрганишга бел боғлаган тадқиқодчи-тарихчи олим орадан бир аср ўтганига қарамай, мавжуд ҳужжатларга асосланиб, асл айбдорлар қиёфасини очишга ҳаракат қилади.

Фильм воқеалари тадқиқотчининг изланишлари асносида кўрсатиб борилади. Тадқиқотчи замонавий дунёдан туриб мозий билан тиллашади, хаёлан ўтган аср бошларига саёҳат қилиб, Исломхўжа билан суҳбатлашади. Хива музофотида кечаётган янгиланишлар кузатувчиси сифатида сарой сирларидан воқиф бўлади. Биз тарихга мурожаат қилишнинг бу тарздаги кўринишини муқаддам итальян киноижодкорлари томонидан суратга олинган “Леонардо да Винчи” фильмида ҳам кузатган эдик, деб ёзади муаллиф.

Фильм камчиликлардан холи эмас. Ўжарроқ киномунаққид бўлса, уни бемалол “костюмлаштирилган томоша” деб баҳолаб юбориши ҳам мумкин. Исломхўжанинг характерини кўрсатадиган, адашмасак, биттагина воқеани кўрдик – лавозимини суиистеъмол қилиб, халқни эзадиган нозирнинг жазоланиш саҳнаси. Бутун фильм давомида илмий мақола ўқиб берилади гўё. Кадр ортидаги текстни тасдиқлаш учун эса ғўддайган, хўмрайган қиёфалар кўрсатилади. Актёрлар мазза қилиб ўйнайдиган эпизодлар қарийб учрамайди. Танланган мусиқалар жуда баланд овозда қўйилиши, ҳатто актёрларнинг ўзини тутиши ҳам туркларнинг “Муҳташам юз йил” сериалини эсга олишга мажбур қилади. Жуда арзон ва осон йўлдан борилган. Павильон масаласида эса... Бир аср олдинги давр муҳитини бериш, томошабин кўз ўнгидан замонавий унсурларни яшириш ҳам, афсуски, қойилмақом бажарилган, дея олмаймиз.

“Исломхўжа” бадиий-публицистик фильми кейинги давр миллий кинематографиямизда биринчи қадамлардан бўлгани боис айрим камчиликларига кўз юмиш мумкиндир, балки. Оддий бир томошабин сифатида билдирган фикр-мулоҳазаларимиздан ҳам фақат ва фақат яхшилик кўзланган. Кейинги уринишлар янада пухта бўлиши, бой тарихимизнинг сир-синоатлари ва машҳур аждодларимизнинг тақдир ажойиботларидан сарҳадлар оша афсона сўзлаши, кўрсатиши ва ўрташига тилакдошмиз, – қайд этилади мақолада.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *