"Кино камгап бўлиши керак". Ўзбек фильмларидаги тил муаммолари муҳокама қилинди

окт 26 / 2017

alt

24 октябрь куни “Ўзбеккино” Миллий агентлигида ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганлигининг 28 йиллиги муносабати билан “Ўзбек тили ва миллий кино муаммолари” мавзусида конференция бўлиб ўтди. Унда санъатшунос, киношуносларнинг ўзбек фильмларидаги тил муаммолари бўйича маърузалари тингланди ва муҳокама қилинди. Бу ҳақда UZ24 мухбири хабар берди.

Киношунос Ойбек Вейсал ўғли кино соҳасида муҳаррирлар йўқлигини, муҳаррирларни тайёрловчи Олий курслар ташкил этиш кераклигини ва бу курсларга режиссёрларни ҳам жалб қилишни таклиф этди.

alt

“Агар бугун фильмларимизда муҳаррир бўлмаса, қандай қилиб кинода тил муаммоси ҳақида гапириш мумкин? Масалан, оммавий ахборот воситаларида бош муҳаррир бўлади ва у ҳамма нарсани ҳал қилади. Нега бу соҳа вакиллари кинода йўқ? Кино ҳам тил билан боғлиқку?! Давлат фильмларида бунга эътибор бор, бироқ нодавлат фильмларида бу оғриқли нуқта. Бунда яна бир муаммо юзага келади? Муҳаррирлар қаерда тайёрланади? Журналистика, филология факультетларида ҳам муҳаррирлик йўналиши йўқ. Балки ОТМларда муҳаррирларни тайёрловчи Олий курсларни ташкил қилиш керакдир”, — деди у.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси, драматург Эркин Аъзам бугун Бадиий Кенгашга келаётган фильм сценарийлари ўта саводсиз ёзилаётгани, ҳатто номи ҳам нотўғри танланаётгани ҳақида гапирди:

alt

“Бадиий Кенгашга олиб келинадиган айрим сценарийларни ўқисангиз, фильмнинг номи нотўғри танланган ва саводсизларча ёзилган бўлади. Ваҳоланки, тил кинонинг энг аҳамиятли жиҳатидир. Кинонинг ўз тили бор. Уни персонажнинг гапи билан аралаштирмаслик керак. Кино тилига кирадиган унсурлардан бири шуки, кино камгап бўлиши керак. Афсуски, бизнинг айрим фильмларимиз узундан-узун диалоглардан иборат. Ёзилаётган асарларнинг қаҳрамонлари ярим бетлаб гапиради. Тўғри,  халқимиз гапни яхши кўради, лекин гап бўтқага айлангандан кейин кўнглингиз айний бошлайди. Бу — тилни хор қилиш билан баробардир".

Конференцияда фикр билдирган "Кинотеатр" телеканали муҳаррири ҳозирги кунда шаҳарларимиздаги савдо мажмуаларида фаолият кўрсатаётган хусусий кинозалларга ҳам тўхтатилиб ўтди:

alt

"Савдо марказларидаги хусусий кинозалларнинг аксариятида Голливуд фильмлари намойиш этилади, улар ўзбек тилига таржима қилинмайди. Шу фильмларнинг номи эълонларда рус тилида ёзилади, ортидан ўзбек тилидаги таржимаси ҳам берилади. Лекин у таржима жуда саёз ва саводсизлик билан қилинганини кўришимиз мумкин. Фильмлар рус тилида бўлгани учун ҳам уларнинг томошабинлари русийзабон фуқаролардир. Агар бу фильмлар ўзбек тилидаги синхрон таржимаси билан берилса, ўзбек забон томошабинлар учун ҳам маъқул бўларди, ҳам кинозаллар учун ҳам фойдадан холи бўлмайди, деган фикрдаман".

Конференция сўнггида бу каби конференцияларни давомий қилиш ва билдирилган фикрлар ва таклифлар оғизда ва қоғозда қолиб кетмаслиги учун уларни амалда бажариш кераклиги алоҳида таъкидланди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *