Рекорд паловни тайёрлаш жараёни бошланди (ФОТО)

сен 08 / 2017

alt

Milliy телеканали жамоаси томонидан ташкил этилаётган «O’ZBEGIM» Миллий қадриятлар фестивали доирасида рекорд ош тайёрлаш жараёни бошланди. Паловнинг оғирлиги 8 тонна бўлиши кутилмоқда.

“Палов бу — халқимизнинг севимли таомидир. Биз меҳмонлар, томошабинлар ва юртимизнинг барча фуқаролари кутаётган натижани оқлашга ҳаракат қиламиз. Milliy телеканали жамоасига мана шундай ташаббуси учун ва катта фестивални ташкил этгани учун миннатдорлик билдирамиз”, - дейди ошпазлардан бири Маҳмуджон Расулов.

Палов тайёрланадиган ҳудуд санитария-гигиена талабларига риоя этиш мақсадида тўсиб қўйилади. Жараён эса фестиваль ўтказиладиган ҳудудда, хусусан, Форумлар саройи, Темурийлар тарихи давлат музейи олдида ўрнатилган 17 та экранларда намойиш этиб борилади. “Ош дамлаш” жараёни, шунингдек, Milliy телеканали, унинг мобиль иловаси ҳамда Guinness World Recordsнинг Facebook’даги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри намойиш этилади.

Рекордни қайд этиш учун Guinness World Records вакиллари: ҳакам — Ричард Стеннинг (Richard Stenning), тасвирчи — Оливер Грейнджер (Oliver Granger), бошловчи, халқа айлантириш бўйича дунёнинг саккиз карра рекордчиси Марава Вомп (Marawa Wamp) Ўзбекистонга келишган.

Бундан ташқари, ош тайёрланаётган майдонда жараённи кузатиб борувчи тўрт нафар гувоҳлар ҳамда ДСЭНМнинг икки нафар инспекторлари ҳам бор.

Паловни тайёрлаш учун рекорд миқдордаги масаллиқлардан фойдаланилади. Хусусан, 1 500 кг мол гўшти, 400 кг қўй гўшти, 220 кг думба ва энг асосийси, 1 900 кг гуруч. Улкан қозонга 2 700 кг сабзи, 220 кг пиёз, 440 литр ўсимлик ёғи, 57 кг туз ҳам солинади. Буларнинг барчасига 100 кг нўхат, 190 кг узум, 5 кг зира, 2 кг янчилган қалампир, 1 кг зарчава ва 350 литр сув қўшилиб, таъми ростланади.

Таом диаметри 4,2 метр, ҳажми 8000 литр бўлган, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида махсус қуйилган қозонда пиширилмоқда. Қозоннинг умумий оғирлиги 7070 кгни, чуқурлиги 1 метрни ташкил этади. Қозон ўчоғи эса деярли 3 тонна.

Ушбу паловни Ўзбекистоннинг 50 нафардан зиёд маҳоратли ошпазлари тайёрлашмоқда. Таом 2 метрли капгирлар билан аралаштирилди. Умумий ҳисобда паловни тайёрлаш, тарқатиш, ташкилий ишларида куну тун 200 дан ортиқ турли соҳа мутахассислари меҳнат қиладилар.

Тайёр палов “Мурувват”, “Саҳоват”, қариялар ва ногиронлар уйларига, шунингдек, фестиваль меҳмонларига тадбир ҳудудидаги 14 та жойда тарқатилади.

Аввалроқ, 17 август куни Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида Milliy телеканали ташаббуси билан Ўзбекистонда энг кўп миқдорда палов тайёрланди. Рекорд паловнинг оғирлиги, экспертларнинг қайд этишича,  6 тоннадан ошди. Ушбу паловни тайёрлаш учун Ўзбекистоннинг 50 нафардан зиёд маҳоратли ошпазлари жам бўлишди. Шу куннинг ўзида палов тадбир меҳмонлари ва Олмалиқнинг 22 мингдан зиёд аҳолисига тарқатилди.

Фото:

alt

alt

alt

alt

alt

alt

alt

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

 
  • Мехмон
    08 сентябр 2017, 13:17

    Илоҳим мазали ва баракали Палов бўлиб пишиб чиқсин!!!

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *