Жаҳонгир Аҳмедов ўзбек киносининг муаммосини айтиб берди

окт 20 / 2017

alt

Кинорежиссёр Жаҳонгир Аҳмедов ўзбек киносининг бугунги кундаги муаммоси ҳақида гапирди. Бу ҳақда режиссёр ўзининг Инстаграмдаги саҳифасида ёзди.

Унда баён қилинишича, Жаҳонгир Аҳмедовни кино ҳақидаги кўрсатувга таклиф қилишган ва унда журналист “Бугунги кунда ўзбек киносининг муаммоси нимада? Фақат олиб қочманг, борини гапиринг!”, дея саволни кескин қўйган. Режиссёр бунга қуйидагича жавоб берган:

“Муаммо — ҳаммамиз ўзимизни "даҳо" билишимизда! Катта авлод ҳам "даҳо", ўрта авлод ҳам "даҳо", кичик авлод эса "буюк"! Лекин Президент фильм сўраган пайтда "биз ҳали сизга кўрсатишга арзигулик фильм ярата олмадик", деб узр сўрадик. Устозлар ёшларни тан олишмайди, ёшлар эса қандайдир аламзада, ўзларига керагидан ортиқ баҳо бериб юборишган”.

Жаҳонгир Аҳмедов, шунингдек, “Ўзбеккино” Миллий агентлигида тез-тез раҳбар алмашиши сабабига ҳам тўхталиб ўтган:

“Нима деб ўйлайсиз, "Ўзбеккино"да нега бош директор ўзгараверади? Чунки биз унга ишлашга бермаймиз. Устидан ёзамиз, остидан ёзамиз, кетмагунича қўймаймиз. Бошқа соҳадан бўлса, бу кинони тушунмайди, деймиз, киночи бўлса, ўзини дунёқарашини ўтказяпти, қани ижод эркинлиги, деймиз. Нега? Чунки, ҳаммамиз энг яхшиси деб фақат ўзимизни тан оламиз! "Энг яхши раҳбар ким бўлиши мумкин? Албатта мен! Энг яхши режисёр ким? Сўзсиз мен! Энг яхши фильм ҳам меники! Энг яхши сценарий? Меники! Мен, мен, мен, мен!!! Шунинг учун ҳам "МEН" бошқа ижодкорларни тан олмайман, тўғрироғи, тан ололмайман! Бу мени "МEН"имга тўғри келмайди. Бир-биримизни писанд қилмаслик билан, бурчак-бурчакларда пичирлашиш билан нимага эришмоқчимиз?”, — дейди режиссёр.

Кинорежиссёр фикрининг сўнгида давлат томонидан, Президент томонидан кино соҳасига катта эътибор ва имкониятлар берилаётган, халқ киноижодкорлардан катта фильмлар кутаётган бир вақтда, киночилар майда гаплар билан овора бўлиб юргани аламли, ҳатто уятли эканини айтиб ўтган.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

  • Мехмон
    21 октябр 2017, 14:26

    Сизлар суратга туширган "кино"лар хиндларнинг усулига ухшайди - бир мавзу, бир якун ва бир марта куриладиган (иккинчи курганда телевизорни бошка каналларга утказамиз!).Худди бизнинг футболимиздакасизлар!

  • Мехмон
    21 октябр 2017, 08:01

    эски актерлар эгаллаб олишган селекция йук шунинг учун кино ухшамаяти тарихий фильмларни яратиш керак китоб укишга эринганлар кино оркали тарихни билиб олишади хозир ишланаётган бир хил колипдаги (улдим куйдим) киноларни ким хам курарди бекор маблаг увол

  • Мехмон
    21 октябр 2017, 07:14

    Узбек киносининг муаммоси _
    Соха иктидорсизларга тулиб тошиб кетган.
    Вокеалар ахмокона ё носамимий.
    Кино бундай булмаслиги керак.
    Миллий кино номи остида берилаётган алламбалолар
    хаваскорлик даражасига тугри келмайди.
    Йигитлар бачкана,махмадона
    Атлас куйлакда маьсума узбек кизи
    РОЛИНИ ИЖРОэтаётган актирриса кузларида бехаёлик
    балкиб туради.
    Хаётни кузатмай кинога аралашиш
    Охири узбек киносини шу ахволга солди.
    Киночиларимиз сирка ичиб,угирлик килиб,ахмоклик килиб танилганлар каби таникли.
    /аксарияти/
    Асло,иктидорлиги учунмас.
    Менимча бу кетишда Амир Темур
    хакида кино олинса Бибихоним
    ва келинлар орасидаги сухбат билан кино тугайди.
    Мени айтар гапим яхши яшаш ва корин туйдириш учун кино сохасини талаш,тишлаб гажиш
    шарт эмас.
    Уларнинг аксариятига пуллирок иш таклиф килинг кинога тупириб
    Кетаверишади.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *