"Ўзшаҳар қурилиш инвест" инжиниринг компанияси ташкил этилди

янв 24 / 2017

alt

Президентнинг 13.01.2017 йилдаги “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва  реконструкция  қилиш  дастурини самарали амалга ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори эълон қилинди.

Арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш борасидаги тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш мақсадида устав капитали 1 млрд сўм миқдорида бўлган масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Ўзшаҳар қурилиш инвест” республика ихтисослаштирилган инжиниринг компаниясини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Янги  ташкил этилган компания муассислари таркибига қуйидагилар кирди:

  • Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси– 61%;
  • “Ипотека банк” АТИБ – 9%;
  • “Ўзметкомбинат” АЖ – 10 %;
  • “Қизилқумцемент” АЖ – 10%;
  • “Ўзбекинвест” МСК – 10%

Компания зиммасига арзон кўп квартирали уйларни тўлиқ тайёр ҳолда фойдаланишга топшириш шарти билан қуриш ва реконструкция қилиш бўйича шартнома асосида буюртмачи функцияларини, шу жумладан молиялаштиришни ташкил қилиш ва қурилишнинг бориши устидан техник назоратни амалга ошириш, кейинчалик қурилган арзон кўп квартирали уйларни бериладиган имтиёзли ипотека кредитлари ҳисобига аҳолига сотиш учун "Ипотека банк" АТИБга топшириш вазифаси юклатилди.

Дастурни амалга ошириш чоғида компанияга арзон кўп квартирали уйлар массивларини қуриш учун пудрат ташкилотларига марказлаштирилган тартибда етказиб бериладиган асосий қурилиш материаллари ва ускуналарнинг энг яхшиларини танлаб олиш натижалари бўйича тендер савдоларини ўтказмаган ҳолда сотиб олишга рухсат берилган.

Бундан ташқари, Дастур доирасида “Ўзшаҳар қурилиш инвест” ИК Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига ҳамда бюджетдан ташқари умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига барча турдаги солиқлар ҳамда мажбурий тўловларни тўлашдан озод этилади, деб хабар беради norma.uz.

UZ24: Хабар ва янгиликларни‚ Facebook‚ ҳамда‚ Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *