Солиқлардан қочишнинг яна бир "схемаси" фош этилди

авг 24 / 2018

alt

Солиқлардан қочишнинг кенг фойдаланилаётган яна бир “схемаси” фош этилди, деб хабар бермоқда Давлат солиқ қўмитасининг матбуот хизмати.

Солиқ кодексининг 22-моддасига мувофиқ, дивидендлар юридик шахс томонидан унинг муассислари ўртасида тақсимланадиган соф фойданинг ёки ўтган йиллардаги тақсимланмаган фойданинг бир қисми ҳисобланади.

Аниқланишича, 2015-2017 йиллар 1 223 та корхоналар тақсимланадиган соф фойдаси бўлмасада, 270,1 млрд.сўмлик маблағларини дивиденд кўринишида ҳисоб рақамларидан ноқонуний тўлаб берган. Бунинг натижасида давлат бюджетига 36 млрд сўм солиқлар тушмаган.

Фойдаси йўқ ёки зарар билан ишлаётган юридик шахснинг дивиденд деб тўлаб берган маблағи жисмоний шахсларга моддий наф тарзидаги даромад деб баҳоланиб, жисмоний шахсларнинг даромад солиғи ставкасида агар юридик шахсларга тўланган бўлса, уларнинг бошқа даромадлари таркибига киритилиб солиққа тортилиши шарт эди.

Масалан, юридик шахс эгаси фойдаси йўқ ёки балансида зарар бўлгани ҳолда 50 млн сўм маблағини дивиденд тўлови деб 10 фоиз ставкада солиқ тўлаб ҳисоб рақамидан олган бўлса, Солиқ кодекси талабида 22,5 фоиз ставкада 11,2 млн сўм солиқ тўлаши лозим эди.

Хўжалик субъектларининг молиявий ҳисоботларига таяниб, солиқ органлари Солиқ кодексининг 38-моддаси асосида охирги 5 йилда тўланган дивиденд тўловларини солиққа тортилишини камерал назоратдан ўтказмоқда.

Солиқ тўловчилар Солиқ кодексининг 31-моддаси талабида солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашда йўл қўйган хатоларини мустақил равишда тузатиш ҳуқуқига эгалар.

Хабарингиз бор, Президентнинг 2018 йил 29 июндаги ПФ-5468-сонли фармони билан 2019 йил 1 январдан бошлаб дивиденд солиғи ставкаси икки маротабага камайтирилиб, 10 фоиздан 5 фоизга туширилган эди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *