Депутатлар ҳайдовчилар малакасини ошириши зарурати ва рақобат тўғрисида

мар 02 / 2018

alt

Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойилни рўёбга чиқаришга қаратаётган эътибори биринчи галда инсон манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда.  Айни пайтда кичик муаммодан тортиб катта масалалар бўйича қарорлар бевосита халқнинг фикрини инобатга олган ҳолда қабул қилинмоқда. Буни биргина Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 сентябрдаги “Инновацион ўқитиш услубларини жорий этиш йўли билан хайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарори қайта кўриб чиқилганида ҳам кўриш мумкин. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари бу борада ўз фикр ва мулоҳазаларини билдиришди.

alt

ЎзЛиДеп фракцияси аъзоси Эркин Холбўтаевнинг фикрича, ҳукуматнинг ушбу қарори келгусида таълим тизимида рақобат муҳитини ривожлантиришга, таълим жараёнларининг сифат ва самарадорлигини оширишга ҳуқуқий асос яратади.

«Замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш асосида автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимида қўлланилаётган инновация услублари ўқитиш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга ҳамда малака имтиҳонларини топшириш самарадорлигини ошириш билан бирга фаолиятнинг очиқлигини ва шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади», – таъкидлайди депутат. 

Холбўтаевнинг сўзларига кўра, қарорнинг эътиборли жиҳати шундаки, эндиликда ҳайдовчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакаси ошириш фаолиятини 2018 йил 1 июндан бошлаб давлат таълим муассасалари билан бир қаторда тегишли лицензияга эга бўлган бошқа юридик шахслар хам амалга оширишлари мумкин бўлади.

alt

Бугунги ривожланиш барча соҳаларда инновацион ёндашувларни талаб этмоқда. Гап айниқса, аҳоли саломатлиги, жамоат тартиби, ҳаракат хавфсизлиги ҳақида кетганда бу ўта долзарб ҳисобланади. Шу маънода, автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш жараёнида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш эҳтиёж эмас балки, заруратга айланди десак муболаға бўлмайди, дейди “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Қодир Жўраев.

Унинг фикрича, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 февралда қабул қилинган “Автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги янги қарори эса, айнан фуқароларнинг фикрларини инобатга олган ҳолда қабул қилинган ҳужжат бўлди.

Мазкур қарор лойиҳасини ишлаб чиқишда нафақат депутатлар билдирган таклиф ва мулоҳазалар, балки тегишли вазирлик ва идоралар, жумладан, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, шунингдек, “Ватанпарвар” МК ташкилоти, “Transkasb” уюшмаси, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ ва Ўзбекистон Республикаси Автомотоҳаваскорлар кўнгилли жамиятининг ҳам таклифлари инобатга олинган.

Шубҳасиз, янги қарор автомототрансопрт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишда хўжалик юритувчи субъектларнинг иштирок этиши учун тенг шароитлар яратишга хизмат қилади, дея алоҳида таъкидлаб ўтади Жўраев.

alt

«Автотранспорт воситасини бошқариб кетаётганда йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш бугунги кунда ҳаётий эҳтиёжга айланган», –қайд этади “Миллий тикланиш” ДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Тўҳтабоев.

Унинг фикрича, ўқув жараёнида жорий этиши лозим бўлган инновацион талаблар киритилиши йўл ҳаракат хавфсизлиги қодаларини тўлиқ ўзлаштириш имконини бериши билан бирга, йўл транспорт ходисаларини олдини олишга хизмат қилади.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *