Ижодкормисиз? Агар шундай бўлса сафдан чиқинг ёхуд журналистлар нега пропискага лойиқ кўрилмади?

июн 20 / 2018
Похожее изображение
 
 
Яқинда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram-каналига ҳукумат қарори билан раҳбарлари, ходимларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тўғрисида илтимоснома киритиши мумкин бўлган давлат органлари ва бошқа давлат ташкилотлари рўйхати тасдиқланганлиги ҳақидаги маълумот жойланди.
 
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 7 октябрдаги "Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан ушбу рўйхатдан 65 та давлат ташкилоти ўрин эгаллаган.
 
Бир гуруҳ журналистлар жам бўлиб, бу рўйхатни синчиклаб, узоқ ўқидик. Аммо ўзимизга тегишли бирорта ташкилот номи чиқмади. Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг рўйхатда борлиги рост. Улар ҳам оммавий ахборот воситалари ҳисобланади. Аммо пойтахтимизда қанча газета-журналлар, ахборот агентликлари, нодавлат нашрлар, эркин ижод қилаётган журналистлар бор. 
 
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 3 августдаги ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувда адабиёт, санъат, маданиятнинг барча жиҳатлари қамраб олинди ва ҳар бир йўналиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган эди. Ижодкорларни кўп йиллардан буён қийнаб келаётган ташкилий-амалий масалалар – моддий-техник база, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, уй-жой, қалам ҳақи, вилоятлардан келиб Тошкент шаҳрида қизғин ижодий муҳитда ўсиб камолга етишни истаётган, шунга ҳар томонлама муносиб ёш қаламкашларни доимий рўйхатга қўйиш ва бошқа масалаларга алоҳида эътибор қаратилган эди.
 
Ушбу учрашувдан сўнг барча оммавий ахборот воситалари, ёзувчи ва шоирлар узоқ вақт «осмонда учиб юрди». 
 
Учрашувда барчамизни ўйлантираётган муаммолар тилга олинди, бир йўла уларнинг ечими ҳам айтиб ўтилди. Ўйладикки, «фақат ҳақиқий ижод билан шуғулланадиган кунлар келди». Ижод аҳли анча фаоллашиб, ҳар жабҳада ўзини кўрсата олди, аммо орадан бир йилга яқин вақт ўтсада бериладиган имтиёзлар, имкониятлар сезилмаяпти. 
 
Аксига олиб юқоридаги рўйхат ҳам «дард устига чипқон», дегандай.
 
Бугунги кунда  журналистнинг холис, самимий ва беғараз сўзи дунёни бирлаштиришга, биргина хато ёки атай айтилган ғаразли жумласи муносабатларни бузишга қодир. Бугун оммавий ахборот воситалари ходимлари, эркин ижод қилаётган журналистлар ҳамма ўзгаришлардан хабардор. Айни вақтда ахборот тарқатувчи одамнинг улови учқур, йўли очиқ, сўзи эса ўқдир.
 
Журналист қалами эндиликда фақат хабар етказиш билан чекланаётгани йўқ, у онгни тозартираяпти, тафаккурни, дунёқарашни ўзгартираяпти. Улар давлат ва халқ ўртасида воситачи, халқ ҳаётига яқин. Шу боис уларнинг жамиятда рўй бераётган воқеаларга холис ва ҳаққоний муносабати мамлакат тараққиётида ҳал қилувчи аҳамият касб этиши шубҳасиз.
 
Шундай экан миллатни тарбия этишга хизмат қиладиган Ёзувчилар уюшмаси, Журналистлар ижодий уюшмаси ва бошқа ижодкорларга тегишли ташкилотлар, агентликлар номи бу рўйхатларда нега учрамайди? Гўёки у жабҳада тинчлик ҳукмрондек: адолатдан гапирамизу адолатсизликка лоқайд қараймиз. Ҳали кўп нарсага ақлим етмайди чоғи: ё ижодкорлар фаолият юритадиган ташкилотларни бундай рўйхатларга киритишдан наф йўқми? Яна билмадим...
 
Рўйхат ҳам бор бўлсин
 
Қаерга борсак навбатга туринг. Рўйхатга исмингизни ёзиб қўйинг, яна кетиб қолманг, рўйхатни «живой очеред»га солиштирамиз дейилади. Поликлиника, банкоматлар, банклар, бозорлардаги «элга хизмат» сотувчилари... Эҳе, саноғи йўқ. Шукрки, бу жойларда «Ижодкормисиз? Агар шундай бўлса сафдан чиқинг», дейишмайди. 
 
Шу рўйхатсиз иш битмасмикин? Рўйхатда йўқлар жамиятга наф келтирмаяптими? Ёки бошқа сабаби борми? 
 
– Турли агентликлар, хусусий нашрларда узоқ вақт ишладим, – дейди “Шифо инфо” газетаси мухбири Манзура Бекжонова. – Ўша пайтларда ҳам турли мутасадди ташкилотларга мурожаат қилиб кўрганман. Аммо Тошкентда прописка қилишимга имконият ва рухсат йўқлигини айтишган. Ўтган йили Ягона интерактив давлат хизматлари порталига ҳам мурожаат қилдим. Чақиришгач, энди бизга ҳам бир кун кулар деб хурсанд бўлгандим. Аммо халқимиз айтганидек, “чучварани хом санабман”. Биз ишлаётган ташкилотларнинг рўйхатда мавжуд эмаслиги, ҳужжатлаштирилмагунча ҳеч қандай йўли йўқлиги, фарзандларим тошкентликлар билан турмуш қурса бир имкониятлар очилиши мумкинлигини айтишган. “Отангга бор, онангга бор” дегандай овораю сарсонмиз. Вақтинчалик рўйхатимиз тугаши билан қийин-қистовга олишади. Мактаб, мактабгача таълим муассасаси – ҳаммаси учун бу муҳим. Тушунаман, вақтинчалик рўйхатда бўлишимиз шарт. Аммо яна ўша югур-югур. Вақтингиз кетади, асаб толиқади. Ишимизга таъсир қилади. Билмадим, биз қачон бу ташвишлардан қутуламиз.
 
Ие, ижодкорлар яна йўқку...
 
Қўлига қоғоз-қалам берсангиз,(айни вақтда замонавийлашган кўриниши компьютер) бошини ундан кўтармайдиган, ҳатто қорин очганини сезмайдиган, тун ярмидан оғганига парво қилмайдиган эл бу ижодкор.  Яхши асар яратай, келажак авлод ундан баҳраманд бўлсин дейдиган, қўлёзмасини кўтариб эшикма-эшик юриб амаллаб китобини чиқарадиган одам – ижодкор. Журналистик суриштирув олиб борай, жамиятдаги бир муаммонинг бартараф бўлишига кўмаклашай деб, она сути оғзига келгунича юриб, ташкилотлардан “чиройли сўзлар” эшитиб, амаллаб мақола тайёрлаганида “шуни чиқармай туринг” дея қўнғироқ қиладиганларга чидайдиган ҳам – ижодкор. Аслида фарзандидек бўлиб қолган бир парча асарига эътироф, мақтов ва олқишларнинг ўзи етарли у учун.
 
Уларнинг ҳам биттагина тилаги бор. Кўпчиликка берилаётган имкониятдан улар ҳам фойдалана олса. Қуйи ташкилотларда ишлаётган бўлсада, юрт равнақи, жамият ривожи учун ҳисса қўшаётган журналист-ижодкорларга ҳам имтиёзлар берилса.
 
 – 2011 йилда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий Университети журналистика факультетининг магистратура босқичини тамомладим, – дейди “General Machinery Group” масъулияти чекланган жамияти ахборот хизмати ходими Зулайҳо Мусурмонова. – Шундан кейин ишга кириш масаласида қайси ташкилотга мурожаат қилсам, Тошкент шаҳрида доимий пропискам бўлмагани учун рад жавобини олдим. Ниҳоят икки йил ўтиб, Ўзбекистон Миллий телерадиокампанияси “Yoshlar” радиосининг “Davr” ахборот дастурлари муҳарририятида муайян шартнома асосида мухбир бўлиб ишлай бошладим. Икки йил ўтиб, ўша прописка сабаб МТРК мен билан шартнома муддатини узайтирмади. Яна ишсиз қолдим. Қайнонам Тошкент шаҳрида доимий рўйхатда бўлсада, биз, ҳатто турмуш ўртоғим ҳам порпискага киролмадик. Ички ишлар вазирлигининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига мурожаат қилганимизда “агар турмуш ўртоғингиз уйланмаган бўлса, поропискага кирарди, энди иложи йўқ”, – деб жавоб беришган. Лекин Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тартиби тўғрисидаги йўриқномада уйланган ёки уйланмаган деган жойлари йўқ.
 
«Агар отимни ўлишини билганимда...»
 
Агар пойтахтга доимий рўйхатга қўйиш учун кунига минг марта ўқиётган рўйхатимиз олдинроқ тасдиқлангандами, ўша ташкилотга амаллаб ишга кирган ёки ижод йўлини эмас, имтиёзлар бериладиган ўша соҳалардан бирини танлаган бўлармидим.  Лекин дарҳол бу фикрим учун қаламимдан узр сўрайман. Жамиятда ўз ўрнимни топишга ёрдам бераётгани, оиламнинг кам-кўстини тўлдиришга кўмаклашаётгани, қалбимдаги прописка, тенглик, адолат каби дардларни ҳеч бўлмаса тўкиб-солишга кўмак бераётгани учун... Фақат алам қиладигани қозон ўртасида қайнайдиган, иш деса ҳаммадан олдин ўзини ўтга-чўққа урадиган ижод аҳли чўмичдан тушиб қолаётгани. Бир марта эмас, ҳар доим.
 
«Дейлик, Эшмат, Тошмат ва Шермат синфдош. Эшмат билимли, Тошмат жисмонан бақувват, Шермат ўртамиёна. Тошмат кучига ишониб ҳарбийликни танлади. Уйидан узоқда, қийинчиликда, беҳаловат юрса ҳам пули бор, кредитга машина, арзон уй олган. Келажакдан ғами йўқ. Эшмат эса қийналиб ўқиди, икки-учта тил ўрганди. Аммо қишлоқдан иш топа олмай, шаҳарда фалон пулга ижарада туриб ишлай бошлади. Ойликни бир-бирига улай олмай, қийналиб, охири «ҳайё ҳуйт» деб чет элга сурворди. Мамлакат яхши бир кадрдан ажралди. Энди унинг қачон келиши даргумон...»
 
Бир ҳамкасбимизнинг мақоласида келтирилган шу мисолни бироз ўзгартирсам дегандим. Эшмат қалами ўткир, ижодкор чиқиб қолди. Қийналиб ўқиди, икки-учта тил ўрганди. Аммо қишлоқдан иш топа олмай, шаҳарда фалон пулга ижарада туриб ишлай бошлади.  Ойликни бир-бирига улай олмай, ижара пулини вақтида беришга қийналиб, уй эгасидан гап эшитавериб-эшитавериб ижод қилишдан тўхтади. Ҳаловати бузилди, оиласида тинчлик йўқолди. Қалби тошга айланди. Пул топишнинг ноқонуний йўлларини излай бошлади. 
 
Хўш, шундай бўлиши мумкин эмасми?
 
Журналистлар тенглик ва адолат тимсоли
 
 – Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг 4-бандида «Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Уюшма билан биргаликда эҳтиёжманд ва фаол журналистларни имтиёзли ипотека кредитлари асосида уй-жой ёки ер участкалари билан таъминлаш ишларини белгиланган тартибда йўлга қўйсин» деб ёзиб қўйилган, – дейди “Жамият” ижтимоий сиёсий газетаси мухбири Беҳзод Ибрагимов. –  Нега бу талаб ҳалигача бажарилмаяпти?
Нега миллий телерадиокомпания ходимларига доимий прописка қилиш учун рухсат бору, нодавлат нашрларга йўқ. Ҳамма журналистлар тенг ҳуқуқли эмасми?
Нега қиммат уй сотиб олганга (энг кам иш ҳақининг 2000 баробари миқдорида) прописка берилади? Бу ҳам тенгликнинг, ижтимоий адолатнинг бузилиши эмасми?
 
Давлатимиз раҳбари қаергадир борганида, бирор бир соҳага алоҳида эътибор қаратганида, имтиёзлар бериш кераклиги, шарт-шароитлар яратиш лозимлиги ёки соҳадаги камчиликларни айтгандан сўнг соҳа ходимларининг бу масалалар ҳам борлиги ёдига тушиб қолиши ачинарли. Ижод аҳли ҳам яратилаётган шароитлардан мамнун, аммо бизни қийнаётган муаммоларни айтмасак бизнинг шундай дардимиз борлигини кимам биларди? Шу боис ўзбекона уят, андишани четга суриб, ижодкорлар учун ҳам прописка ва уй-жой учун имтиёз сўрашга жазм этдик. Шу ўринда “Бола сўрамаса, она сут бермайди” мақолини эслашнинг ўзи етарли.
 
Бугунги кун ижодкордан борини, ростини, муаммони ёзиш, Ватан ва халқ тақдирига дахлдорлик туйғуси билан ёзишни талаб этмоқда. Президентимиз таъкидлаганидек, “Эл дардини ёзмаган қалам қалам эмас!”. Шундай бўляпти ҳам. Фақатгина ҳар қандай инсон, айниқса, истеъдод соҳиби, биринчи галда, ҳаётлик чоғида қадр топиши, ижодий имкониятларини тўлиқ рўёбга чиқариши учун қулай шарт-шароитларга эга бўлиши лозим. 
 
  
Барно МЕЛИҚУЛОВА
 
UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *