Ўзбекистонда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси тасдиқланади

сен 20 / 2018

- Президент фармони лойиҳаси жойлаштирилди

- Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси

- «Йўл харитаси» тасдиқланиши мумкин

-  «Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси» кўкрак нишонини таъсис этиш

alt

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида «Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Президент фармони лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси;

Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепциясининг самарали амалга оширилиши бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланиши мумкин.

Белгилаб қўйилишича, ҳуқуқий тарғиботни тизимли равишда олиб бориш, аҳолига қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини етказиш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошириш барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларнинг устувор вазифаларидан биридир.

Қуйидагилар жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг асосий йўналишлари этиб белгиланади:

аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ҳамда ижтимоий фаоллиги юксалишини таъминлаш;

давлат органлари ва ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш;

болалар ва ёшларда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш;

оммавий ахборот воситаларининг аҳолини ҳуқуқий ахборот билан таъминлашдаги ролини янада ошириш, ҳуқуқий тарғиботнинг инновацион усулларидан кенг фойдаланишни, шу жумладан, веб-технологияларни қўллашни кенгайтириш;

юридик таълимни, шунингдек, юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ривожлантириш;

ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг илмий асосларини тадқиқ этиш.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида, шунингдек, маҳаллаларда ҳар жума куни «Ҳуқуқий билимлар куни» этиб белгиланади ва ушбу кунда тарғибот тадбирларини ташкил этиш орқали қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилади:

ҳафта давомида қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кўргазмали тарзда барча ходимлар ва аҳоли эътиборига етказиш;

ҳуқуқшунос олимлар ва амалиётчи мутахассислар таклиф қилган ҳолда ходимлар ҳамда аҳолининг ҳуқуқий билимларини ошириш;

коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ташкил қилиш.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг қуйидаги таклифлари маъқулланиши мумкин:

жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда муносиб ҳисса қўшган ҳуқуқшуносларга ҳамда фуқароларга аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда кўрсатган ишлари ва ютуқлари учун топшириладиган «Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси» кўкрак нишонини таъсис этиш;

аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсадида давлат органлари ҳузурида ўз фаолияти соҳасига доир масалаларни аҳоли ўртасида тушунтириш бўйича волонтерлар (кўнгиллилар) ҳаракатини тузиш ва уларнинг самарали фаолиятини таъминлаш;

умумтаълим муассасаларининг ўқув дастурларига ҳуқуқий билимларга доир фанларни киритиш, таълим олувчиларга дарсдан ташқари ҳуқуқий билим беришни йўлга қўйиш;

фуқароларнинг кундалик ҳаётида кўп учрайдиган масалалар юзасидан савол-жавоб тарзидаги ҳуқуқий қўлланмаларни тайёрлаш ва уни хонадонларга тарқатиш.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *