Мамлакат тарихида илк бор хорижлик ишбилармонлар, давлат ва жамоат арбобларига Ўзбекистоннинг давлат мукофотлари топширилди (+фото)

авг 31 / 2018

Президентнинг 29 августдаги фармонларига мувофиқ Ўзбекистон билан самарали ҳамкорлик қилиб келаётган хорижлик ишбилармонлар, Тожикистоннинг бир гуруҳ давлат ва жамоат арбоблари юксак мукофотлари билан тақдирланган эди. 

31 август куни мамлакат тарихида биринчи марта чет элликларга давлат мукофотларини топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. 

Президент Шавкат Мирзиёев таниқли ҳамюртимиз, Россиянинг «USM Holding» акциядорлик жамияти таъсисчиси ва раҳбари Алишер Усмановга «Эл-юрт ҳурмати» ордени, Россиянинг «ЛУКОЙЛ» очиқ акциядорлик жамияти президенти Вагит Алекперов ҳамда Германиянинг «КНАУФ» корхоналари гуруҳи иштирокчилари Кенгаши аъзоси Николаус Кнауфга «Дўстлик» орденларини топширди.

Шунингдек, Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзода, ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддинга «Фидокорона хизматлари учун» орденлари топширилди. Ўзбекистон билан Тожикистон халқлари ўртасидаги дўстлик муносабатларини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшган маданият, фан ва соғлиқни сақлаш соҳалари вакилларига фармонга мувофиқ орден ва фахрий унвонлар берилди. 

– Бундай маросим мамлакатимиз тарихида биринчи марта ўтказилди. Ўйлайманки, ҳамжиҳатлигимиз, бағрикенглигимиз ифодаси бўлган бу тадбир анъанага айланиб қолади. Ўзаро манфаатли ҳамкорлигимиз бундан буён ҳам ривожланиб, самимий дўстлигимиз ва ўзаро англашувимиз халқимиз фаровонлигига хизмат қилади, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Мукофотланганлар юксак эътибор, хорижлик инвесторларни қўллаб-қувватлаётгани учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди. 

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *