Президент халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштиришга доир фармонни имзолади

сен 06 / 2018

alt

5 сентябрь куни Шавкат Мирзиёев "Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.

Фармонда қайд этилишича, соҳадаги ишлар ҳолатини танқидий таҳлил қилиш халқ таълими тизими бошқарувини ташкил этиш, давлат умумий ўрта таълим муассасаларининг фаолиятини амалий жиҳатдан мувофиқлаштириш, уларнинг моддий-техник ҳолатини яхшилаш бўйича тадбирларни молиялаштиришда бир қатор муаммолар ва камчиликлар мавжудлиги аниқланган. Жумладан:

биринчидан, жойларда умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, умумтаълим муассасалари раҳбарларини танлаш ва жой-жойига қўйиш масалаларини ҳал этиш, идоравий мансуб ташкилотларнинг мулкидан самарали фойдаланишда халқ таълими бошқарув органлари ролининг етарли даражада эмаслиги;

иккинчидан, умумтаълим муассасалари раҳбарлари зиммасига уларга хос бўлмаган вазифалар ва функцияларни юклаш, муассаса директори ва унинг ўринбосарлари ўртасида ваколатларнинг аниқ тақсимланмаганлиги, улар фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг аниқ мезонлари ва параметрлари мавжуд эмаслиги;

учинчидан, умумий ўрта таълимнинг долзарб масалалари ва уларнинг натижаларини амалиётга татбиқ этиш бўйича чуқур илмий тадқиқотларнинг мавжуд эмаслиги, ўқув-тарбия жараёнини услубий таъминлаш масалаларида халқ таълими бўлимлари ва умумтаълим муассасалари ўртасида ўзаро ҳамкорлик даражасининг пастлиги;

тўртинчидан, раҳбарлар, ўқитувчилар ва умумтаълим муассасалари бошқа ходимларининг касбий фаолиятига асоссиз равишда аралашувдан ҳимоя қилиш механизмларининг самарасизлиги, назорат қилувчи ва бошқа давлат органлари томонидан мактабларни текшириш ҳаддан зиёд кўпайиб кетганлиги;

бешинчидан, таълим сифатини таъминлаш, ўқитувчиларнинг билим даражасини ва педагогик маҳоратини ошириш масалаларида умумтаълим муассасалари фаолиятидаги очиқлик ва шаффофлик даражасининг етарли даражада эмаслиги, ўқув-тарбия жараёни устидан самарали жамоатчилик назоратининг мавжуд эмаслиги;

олтинчидан, халқ таълими тизими муассасаларини молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш механизмининг мукаммал эмаслиги, уларнинг фаолиятига замонавий меъморий ечимлар, инновацион ишланмаларни ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш даражасининг пастлиги.

Ҳужжатда ўқув-тарбия жараёнига бошқарувнинг янги механизмларини ва сифат стандартларини жорий этиш, жамиятда ўқитувчи касбининг нуфузини ошириш, умумтаълим муассасаларининг моддий-техник ҳолатини яхшилаш орқали халқ таълими тизимини янада такомиллаштириш мақсадида халқ таълими тизимини ислоҳ қилишнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди.

Энди умумий ўрта таълим давлат таълим стандартлари ва мактабдан ташқари таълимга қўйиладиган давлат талаблари умумий ўрта таълимни молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутилган маблағлар ҳисобга олинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири томонидан тасдиқланади.

Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси раҳбарлари, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари, шунингдек, Вазирликка идоравий мансуб бошқа ташкилотлар ва муассасалар бошлиқларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан келишилмасдан Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири томонидан амалга оширилади.

Вазирликнинг 2018 йил 1 октябрдан бошлаб умумтаълим муассасаларининг васийлик кенгашлари тугатилади, таркибига муассаса фаолиятига жиддий ҳисса қўшишга қодир энг фаол ота-оналар, битирувчилар, ҳомийлар ва бошқа шахслар киритиладиган, юридик шахс мақомисиз умумтаълим муассасаларининг кузатув кенгашлари ташкил этилади.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

 

 

 


 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *