34 та туманда пахта ҳосили ҳашарчиларсиз териб олинади

сен 06 / 2018

 

"2018 йил ҳосили пахта хом ашёсини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда "Ҳуқуқий ахборот" канали хабар қилади.

Қарор билан қуйидагилар белгиланди:

  • пахта хом ашёсининг машинада терилган 1 тоннаси учун 400 минг сўм хизмат ҳақи тўлаш;
  • пахта хом ашёсининг қўлда терилган 1 килограмми учун биринчи босқичда контрактация шартномаси 60 фоизгача бажарилгунга қадар 650 сўм, иккинчи босқичда – 60 фоиздан 80 фоизгача – 850 сўм, учинчи босқичда – 80 фоиздан ортганда – 1000 сўм меҳнат ҳақи тўлаш.

Бундан ташқари, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятларида, Қашқадарё вилоятининг Косон, Муборак, Нишон ва Касби, Сурхондарё вилоятининг Қизириқ ва Музработ туманларида (пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилотлари фаолият юритаётган ҳудудлардан ташқари) қўлда терилган бир килограмм пахта учун қўшимча 150 сўмозиқ-овқат маҳсулотлари учун 150 сўм, жами 300 сўм устама ҳақи тўланиши назарда тутилган. Ушбу маблағлар Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади.

Қарорда белгиланганидек, отряд раҳбарлари терилган пахта миқдоридан келиб чиққан ҳолда меҳнат ҳақини ошириб бориш асосида рағбатлантирилади.

Пахта йиғим-теримида иш кучи етишмовчилиги кузатилган тақдирда, туманлар ҳокимликлари ҳамда туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашларининг буюртмаларига асосан туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан қўшимча теримчилар ихтиёрий равишда жалб этилади. 

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан пахта ҳосилини нес-нобуд қилмасдан уюшқоқлик билан йиғиб-териб олишни ташкил этиш, мавсумда қатнашаётган теримчиларга меҳнат ҳақи тўлаш ҳамда иш кучи етишмовчилиги мавжуд туманларга қўшимча теримчиларни жалб қилиш ва уларга кафолатланган ҳақ тўлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, шу мавсумдан бошлаб пахта йиғим-терими бўйича қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинган шахслардан пенсия жамғармаси учун суғурта бадаллари ундирилмайди.

Қорақалпоғистон ва вилоятларда 2018 йил пахта ҳосилини ёрдамчи кучларисиз (ҳашарчиларсиз) териб оладиган туманлар рўйхати қуйида келтирилган. 

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *