Андижонда ўғриликда гумонланиб «самосуд» қилинаётган аёл ўзини сойга ташлади (видео)

авг 17 / 2018

 

Ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятида юз берган самосуд ҳолати тасвирланган видео тарқалди. Ушбу видеода кўриш мумкинки, катта ёшли аёл ўғриликда гумонланиб, оломон томонидан калтакланган, аёл эса қочиш учун ўзини сойга ташлаб, оқиб кетган.

Халқ депутатлари Учтепа туман кенгаши депутати Нуриддин Зайнитдинов бу ҳолатга муносабат билдирди ва инсонларни тубанлашиб бораётганликда айблади:

«Ижтимоий тармоқларда бугун тарқалган яна «бозорчи»лар томонидан Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида ўғриликда гумонланиб, оломон томонидан «самосуд» қилинаётган катта ёшли аёл қочиш учун ўзини сойга ташлаб, оқиб кетгани акс этган видео тарқалди.

Инсонлар борган сари, илмсизлик ва дунёқарашининг торлигидан тубанлашиб бормоқда. Ақли расо инсон хазм қилолмайдиган ишлар бўлмоқда.

Олдин таъкидлаганимдек, ким бўлишидан қаъти назар бундай ҳолатга йўл қўйилиши мумкин эмас! Ҳеч қачон!

Жамият у қандай жамият бўлмасин, у албатта қонун-қоида асосида, тартиб-интизом билан яшашни истайди, шундагина миллат, халқ бирлиги, тотувлигига эришилади.

Одил судловнинг фақат суд томонидан амалга оширилиши шарт».

Аввалроқ Қорақалпоғистонда ўғриликда гумонланган шахсни бозор олдида қўлидан осиб қўйилгани хабар қилинганди.

Видео: Kun.uz

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *