"АрМИ-2018": Ўзбекистонлик қўшин разведкачилари учинчи ўринни қўлга киритди

авг 14 / 2018

alt

Жорий йилнинг 28 июлидан 9 августига қадар Халқаро армия ўйинлари доирасида Россия Федерациясининг Новосибирск олий ҳарбий қўмондонлик билим юрти дала ўқув майдони базасида “Қўшин разведкаси аълочилари” мусобақаси бўлиб ўтди.

Мусобақада Россия Федерацияси, Белорусь Республикаси, Қозоғистон, Арманистон, Ўзбекистон, Хитой, Зимбабве ва Суданнинг қўшин разведкачилари жамоалари ўзаро беллашди. Филиппин ва Ҳиндистон вакиллари эса кузатувчи сифатида иштирок этишди.

Танлов бешта босқичда — “Десант бўлиб тушиш ва марш-бросокни амалга ошириш”, “Механик-ҳайдовчилар мусобақаси”, “Разведкачи сўқмоғи”нинг комплекс тўсиқларини енгиб ўтиш”, “Ўқ отиш” ва “Разведка бўлинмасининг вазифани бажаргандан сўнг йиғин пунктига чиқиши” босқичлари бўлди.

Бўлиб ўтган барча бешта босқич натижаларига кўра, ўзбекистонлик қўшин разведкачилари учинчи ўринни эгаллашди.

“Мусобақанинг барча босқичларида яхши натижаларга эришган ҳолда жамоамиз мусобақа совриндорлари сафидан ўрин олиш учун астойдил кураш олиб борди ва кўзлаган мақсадларига эришди. Ушбу кўрсаткичларга ҳарбий хизматчиларнинг профессионаллиги, билим ва кўникмаларининг юксак даражада эканлиги, шунингдек, жамоадаги ўзаро ҳамжиҳатлик ва жипслик, ғалаба қозонишга бўлган иштиёқ туфайли эришилди”, — дейди ўзбекистонлик разведкачилар жамоаси раҳбари полковник Шуҳрат Икрамов.

Таъкидлаш жоизки, биринчи ўрин россиялик разведкачиларга насиб этган бўлса, иккинчи ўринни хитой вакиллари эгаллади.

9 август куни Новосибирск шаҳридаги маданият ва истироҳат боғида бўлиб ўтган мусобақанинг тантанали ёпилиши ва ғолибларни тақдирлаш маросимида мусобақа ташкилотчилари томонидан ғолиб жамоаларга тегишли диплом, медаль, фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари топширилди. 11 август куни эса Мудофаа вазирлигининг бир гуруҳ вакиллари иштирокида Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида мусобақа иштирокчилари тантанали равишда кутиб олинди.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилги Халқаро армия ўйинлари доирасидаги “Қўшин разведкаси аълочилари” мусобақаларида ҳам Ўзбекистонлик разведкачилар фахрли 3-ўринни (Россия Федерацияси ва Хитойдан кейин) эгаллашган эди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *