Бош вазирга парламент сўрови юборилди

июн 29 / 2018

alt

Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида сенаторлар “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида”ги конституциявий қонунга ва “Парламент назорати тўғрисида”ги қонунга мувофиқ сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳамда ёшларнинг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлиги ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Ариповга парламент сўрови юбориш ҳақидаги масалани кўриб чиқдилар.

Сўзга чиққанлар мамлакатимизда Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида барча соҳаларда, шу жумладан, мамлакатимизнинг мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётганини қайд этдилар.

Хусусан, мамлакатнинг янги Мудофаа доктринаси қабул қилиниб, унда Қуролли Кучлар олдида турган вазифалар, миллий армияни шакллантириш ва ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари мустаҳкамлаб қўйилди. Шу билан бир вақтда Қуролли Кучларни янада ислоҳ қилиш ва ривожлантиришга, мамлакатимиз хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамда мудофаа қобилиятини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, тезда ўзгариб бораётган халқаро вазият таҳлили, жамиятнинг маънавий-ахлоқий негизига, ўсиб бораётган авлоднинг онгига ахборотлар билан руҳий таъсир ўтказишга уринишлар ошиб бораётганлиги ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш самарадорлигини, ўсмирларнинг ҳарбий тайёргарлигини ҳар томонлама оширишни талаб қилмоқда. 

Сенат томонидан сафарбарлик чақируви резерви сафида хизмат қилишга, ушбу хизматни ташкил этиш ва ўташга оид ҳужжатлар ижроси, шунингдек, ёшларни чақирувга қадар бошланғич тайёрлаш ишлари ўрганилди ҳамда таҳлил қилинди.

Уларни кўриб чиқиш натижалари бўйича сенаторлар томонидан сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ташкил этиш ва ўташ масалалари, шунингдек умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими муассасаларидаги чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик тизимини такомиллаштириш, чақирув ёши чегарасини қисқартириш, чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси лавозимларига касбий жиҳатдан яхши тайёрланган, малакали, иш тажрибасига эга бўлган шахсларини, шу жумладан, захира ва резерв офицерларини тайинлаш чора-тадбирлари тўғрисида асослантирилган изоҳлар бериш илтимоси билан парламент сўрови юборилди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *