Божхоначилар нақд хорижий валюталарнинг яширинча олиб чиқилишини фош этишди

сен 07 / 2018

 

Республикамиз божхоначилари нақд хорижий валюталарнинг ноқонуний олиб чиқилишига доир қатор божхона қоидабузарликларини фош қилишди, деб хабар қилади ДБҚ ахборот хизмати.

Хусусан, Тошкент вилояти божхона бошқармаси “Навоий” чегара божхона пости орқали республикамиздан чиқиб кетаётган фуқаро Й.С. божхона кўриги давомида чўнтакларидаги 12400 АҚШ долларии йўловчи божхона декларацияси ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, олиб чиқмоқчи бўлганлиги фош қилинди.

 

Унинг ҳамроҳи Э.М. 10 минг АҚШ долларини чўнтаги ва сумкасига жойлаб, чегарадан ўтолмади.

Худди шундай ҳолат вилоятнинг “Ойбек” чегара божхона постида ҳам фош этилди. Мазкур пост орқали қўшни давлатга чиқиб кетаётган чет эл фуқароси Л.М. йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, 140 минг Россия рублини олиб чиқиб кетаётган пайтда тўхтатиб қолинди.

“Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан ҳам нақд хорижий валюталарнинг ноқонуний олиб чиқилишга доир божхона қоидабузарликлари фош қилинди.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида “Тошкент-Олмата” рейси бўйича парвозга шайланган қўшни давлат фуқароси М.М.га тегишли сумка белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилганида, унда йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилинмаган 4924 АҚШ доллари яширилганлиги маълум бўлди.

Айни шу рейснинг яна бир йўловчиси, қўшни давлат фуқароси Р.Н. ҳам 5 минг АҚШ долларини сумкасига яширганча, божхона назоратидан четлаб олиб чиқишга уринган пайтда тўхтатиб қолинди.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлган чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга 5 000 АҚШ долларига тенг ёки ундан ошмайдиган миқдордаги нақд хорижий валютани йўловчи божхона декларациясида кўрсатган ҳолда эркин олиб чиқиб кетишларига рухсат этилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган ёки Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлмаган чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан нақд хорижий валюталарни олиб чиқиш улар томонидан Ўзбекистон Республикасига кириш чоғида тўлдирилган йўловчи божхона декларацияси асосида амалга оширилади.

Яъни, киришда тўлдирилган йўловчи божхона декларациясида кўрсатилган нақд хорижий валюта суммасидан ортиқча бўлмаган миқдордаги нақд хорижий валюталарни олиб чиқишга рухсат этилади.

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *