Чиқинди ортидан бойиб кетган нукуслик тадбиркор

авг 14 / 2017

alt

Нукуслик Рашид Қартбоев республикадаги ягона – чиқиндидан маҳсулот ишлаб чиқарадиган корхона асосчиси. У чиқиндидан полиэтилен қувур ишлаб чиқарувчи ускуна яратиб, 2001 йили  «Мустанаб-Ҳилол» масъулияти чекланган жамияти фаолиятини йўлга қўйган.

– Жаҳонгашта немис сайёҳи 1997 йили велосипедда Нукусга келиб, бу ер жуда ифлос эканини таъкидлаганида, менда бир фикр уйғонган эди,-дейди Рашид Қартбоев.-Ўша пайтлари Нукус чиндан ҳам жуда ифлос шаҳар эди. Унинг тозалигини сақлаш мақсадида 4-5 йигит бирлашиб, «Тозалик маркази» номли нодавлат нотижорат ташкилот туздик. Дастлаб, шаҳардаги 21, 22, 23-кичик туманларнинг ҳудудини тозаладик. Бир кун шаҳар ташқарисидаги ахлат ташланадиган жойга борсам, чиқинди тоғ бўлиб ётибди. Унга қараб ўйланиб қолдим. Бу чиқиндилардан маҳсулот ишлаб чиқариш ғояси миямга келди.

Бу айтишга осон-у, лекин амалга ошириш жуда қийин бўлган иш. Кўп изланиб, суриштириб, ўрганиб, уч йил деганда, чиқиндига ташланган баклажка, целлофан пакет сингари нарсалардан полиэтилен қувур ишлаб чиқарувчи ускуна яратдим. «Мустанаб-Ҳилол» масъулияти чекланган жамиятимиз 2001 йили илк маҳсулотини бера бошлади. Дастлаб ўзим яшаган кичик туман ҳудудидаги 250 та уйнинг қувурларини ўзгартирдим. Уларнинг ҳар бирига диаметри 25 миллиметр бўлган 40 тадан қувур совға сифатида  бердим. Ўша пайтда бозорда қувурнинг баҳоси 10 000 сўм бўлса, мен уни 3000 сўмдан сотдим.

Суҳбат чоғида у кўпқаватли уйларнинг ертўлаларига қандай қилиб тушиб тозалагани, касаллик тарқатувчи чивин ва ҳашоратларга қарши қандай курашгани, аҳоли орасида тозаликни сақлаш борасида тарғибот ишларини олиб боргани тўғрисида гапириб берди.

– Бир куни,-дейди у, – қувурларни кўриш учун кўпқаватли уй ертўласига тушдим. Кун совуқ эди, ертўлада яхлаган чиқинди сув устидан ўтаётганимда муз ёрилиб, тушиб кетдим. Роса булғаниб қолдим. Ювинай десам, бу ҳолда ҳеч кимса уйига киритмайди. Кўчага чиқиб, такси тўхтатсам, “ахлат одам”ни миндирмайди. Ноилож, узоқ йўл юриб, ишхонамга яёв келишга мажбур бўлганман.

Шунча машаққатлар билан иш бошлаган бу тадбиркор бошқараётган корхона бугун фақат қувур эмас, бошқа бир қатор маҳсулотлар ҳам ишлаб чиқармоқда. Қаҳрамонимизнинг яна бир янгилиги – қувур ишлаб чиқаришдан чиққан чиқиндини ҳам ташламасдан, ундан полимер шифр, брусчатка ишлаб чиқара бошлаганилиги бўлди.

Яқинда у ахлатхоналарга ташланган эски кийим-кечак, матолардан девор учун суюқ обой, суяклардан суяк уни ишлаб чиқара бошлади.

– Бугунги кунда корхонамизда 47 одам ишлайди. Бундан ташқари ҳар  бир ахлат ташланадиган жойдан, кўчалардан чиқинди олиб келувчи одамлар ҳам бор. Корхонамиз йилига 365 тоннага яқин пакет, пластмасса чиқиндиларини  қайта ишлайди.

Корхона ишга тушган 2001 йилда 80 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарган бўлса, 2014 йили 410 миллион, 2015 йили  695,8 миллион, 2016 йили 761,6 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарди. Жорий йилнинг 6 ойида эса ишлаб чиқарган маҳсулотлар ҳажми 713 миллион сўмдан ошиб кетди. Йил якунига қадар бу кўрсаткич бир миллиард сўмдан ошади, деган умиддамиз.

Рашид Қартбоев 1997 йилда Нукус давлат педагогика институтини биолог мутахассислиги бўйича тамомлаган. Унинг корхонаси Нукус шаҳрининг бир чеккасида жойлашган. Қум устида қовун, пахта, ошқовоқ сингари экинларни ўстириб қўйибди. Ҳатто, гужум ҳам эккан экан. Озиқ-овқат чиқиндиларидан ҳам унумли фойдаланиб, йигирма чўчқа боқмоқда. Ишлаб чиқараётган суяк унидан омухта ем тайёрлаб, 300 жўжа парваришламоқда.

– Бунинг ҳаммасини мен болаларим ўргансин, деган мақсадда қилаяпман,-дейди у. Илгари емларнинг рационида суяк уни кўп бўлар эди. Унинг таркибида илик мойи, калций ва бошқа фойдали элементлар кўп бўлади. Шу сабабли уй ҳайвонлари учун жудаям фойдали. Ҳозирги вақтда ҳокимиятларга, тегишли идораларга чиқиб, ўзим сақлаётган жўжаларни кўрсатиб, унинг фойдали томонларини ташвиқот қилаяпман.

Рашид жорий йилнинг охиригача яна бир янгилик тадбиқ қилмоқчилигини айтиб, ҳали амалга ошмаганлиги учун бу ҳақида гапирмасликни лозим топди.

Корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар:

Манба

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

 

  • Мавлуда
    16 август 2017, 11:14

    Офарин! Аклли одам хеч качон хор булмайди. Утирган урнини бермай, кулимдан хеч нарса келмайди нима килай иш йук деб хотинини кузига , кулига караб утирган жонини койитмайдиган иймонини йукотган, хотинини бошка юртга юбориб фарзандларини мехрсиз килган узини эркак санаган эрлар курсин бу инсоннинг ишларини. Кузингизни каттарок очинг эй дангаса эркаклар чиройли, бой яшаш уз кулингизда? Шу тадбиркорга узок- умр,соглик тилайман. 100 ёшга кирсинлар. Омад тарк этмасин хеч качон!

  • Мехмон
    16 август 2017, 08:11

    Койил, тадбиркорга омад тилайман.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *