Фарғонада фуқаронинг шаънини поймол қилувчи видеороликни Интернетда тарқатганликда гумонланаётган 5 нафар шахслар ушланди

окт 05 / 2017

alt

Ички ишлар органлари томонидан Фарғона вилоятида яшовчи фуқаронинг шаъни, қадр-қимматини поймол қилганликда ва ушбу ҳолат тасвирланган видеороликни Интернет тармоғи орқали тарқатганликда гумонланаётган бир гуруҳ шахслар қўлга олинди.

ИИВ матбуот хизмати хабар беришича, 2017 йилнинг 29 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда бир неча номаълум шахслар ёш йигитни вахшийларча дўппослаётгани ва ҳақорат қилаётгани акс эттирилган видеоролик тарқатилган.

Ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, юқорида қайд этилган жиноятни содир этган беш нафар шахслар аниқланиб, ушланган. Улардан 5 дона мобиль телефонлар ашёвий далил сифатида олинган.

Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 103-моддаси 2-қисми, 112-моддаси 1-қисми, 140-моддаси 2-қисми, 164-моддаси 2-қисми, 277-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Ҳозирда ушланган шахсларнинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги ўрганилмоқда.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *