Фото: Орол денгизининг қирғоғидан йирик акуланинг тиши топилди

июл 06 / 2018

alt

Орол денгизига сайёҳларни олиб чиқувчи “Moynaq tour” сайёҳлик агентлиги ходимлари Оролнинг суви яхши сақланиб қолган Оқтумсиқ бурунида йирик акуланинг тишини топиб олди. Айни пайтда ушбу тиш Нукус шаҳридаги “Ратмина” меҳмонхонасида кўргазмага қўйилган, деб хабар қилади ЎзА.

акула тиши 3.jpg

– Биз Орол денгизининг қуриган тубидан шунга ўхшаш кўплаб тиш топганмиз, лекин уларнинг ҳажми кичик эди, – дейди “Moynaq tour” сайёҳлик агентлиги директори Амина Бекжанова. – Фараз қилишимизча, улар акуланинг тиши бўлса керак. Лекин янги топилган тиш энг каттаси ҳисобланади. Шу кунгача бунақа катта тиш учрамаган.

Аввалроқ, Орол денгизига туристларни саёҳатга олиб чиқиш билан шуғулланувчи нукуслик тадбиркор Тазабай Ўтеулиев ҳам наҳанг балиқнинг тишини топганди.

Мўйноқлик нуроний балиқчилар Орол денгизи мавжуд пайтида унда акулалар бўлганлигини инкор қилади.

Википедия маълумотларига кўра, ушбу тиш қадим замонларда яшаган акулаларнинг қадимий авлоди мегалодонга тегишли. Мегалодон – йўқолиб кетган акуланинг бир тури. У қадимий олигоцен (33-24 миллион йил аввал) давридан плейстоцен (2 миллион – 10 минг йил аввал) давригача яшаган. Мегалодон акулалар ўртасидаги энг каттаси ва кучлиси бўлган. Узунлиги 16 метр, салмоғи 47 тоннагача бўлган. Тишлаш кучи 10,8 тоннагача етган. Манбаларга кўра, мегалодонлар бутун дунё бўйлаб тарқалган.

Тошга айланган акула тишлари Устюрт платосида ҳам кўплаб топилган.

Илмий манбалар қадимда Каспий денгизи билан Орол денгизи бир бўлганлигини, Устюрт, Қорақум, Қизилқум сингари чўллар Тетис океанининг туби бўлганлигини тасдиқлайди. Устюртда, Қизилқумда чиғаноқларнинг кўп учраши бунинг яққол далилидир. Тетис океани деярли миллиард йил олдин мавжуд бўлган (эрамиздан аввалги 850 миллионинчи йилдан 5 миллионинчи йилгача).

Устюрт, Қорақум, Қизилқум сингари чўллар бўлса бундан 20-30 миллион йил илгари пайдо бўлган. Устюрт Кайнозой эраси ўрталари қолдиғи бўлиб (21 миллион йил олдин пайдо бўлган), икки материкнинг тўқнашувидан юқорига чиқиб қолган.

Демак, Орол денгизидан топилган ушбу тишларнинг ёши миллионлаб йиллар билан ўлчанади деган фаразни илгари суриш мумкин.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *