GM Uzbekistan ўз ходимининг фирибгарлиги билан боғлиқ вазиятга изоҳ берди

авг 03 / 2017

alt

GM Uzbekistan Facebook’даги расмий саҳифасида Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари номига берилган сертификатдан фойдаланиш орқали GM Uzbekistan АЖ автомобилларини сотишда фирибгарлик билан шуғулланган "Сирдарёавтотеххизмат" МЧЖ ходими Абдумурод Ҳақбердиевнинг қўлга олиниши ҳақидаги хабар юзасидан ахборот берди.

"GM Uzbekistan АЖ коррупциянинг ҳар қандай кўринишларини бутунлай қоралайди ва бизнинг корхонамизга алоқадор бўлган ва автомобилларни сотиш жараёнида ноқонуний тарзда бойишга интиладиган ҳар қандай мансабдор шахс ёки ташкилотга нисбатан ўзининг муросасиз позицияси ҳақида маълум қилади", — дейилади ахборотда.

Компания қайд этишича, корхона ва унинг  барча дилерлик ташкилотларининг ҳар бир ходими ноқонуний тарзда бойиш мақсадларида коррупция ва фирибгарликнинг ҳеч қандай турига йўл қўймаслик бўйича ёзма мажбуриятни ўз бўйнига олган.

Таъкидланишича, Абдумурод Ҳақбердиев ҳам дилерлик ташкилотларининг барча ходимлари каби, 2017 йилнинг январида бундай мажбуриятни бўйнига олишини ёзма равишда тасдиқлаган. "Шунга қарамай, бу шахс ўзининг ноқонуний ҳаракатлари оқибатлари қанчалик жиддий эканлигини ва жиноий ҳаракатлар учун жазо муқаррарлиги тамойилини охиригача англамаган кўринади", — дейилади хабарда.

Компания "муайян бир шахснинг хатти-ҳаракатлари жузъий ҳол эканлигини, GM Uzbekistan АЖ автомобилларини сотишнинг бутун тизимига татбиқ этилмаслиги керак"лигини таъкидлади ва ушбу ҳодиса бўйича тўлиқ текширув ўтказишда ҳуқуқ-тартибот ва суд органларига ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *