Ўқидингми — 5 йил хизмат қил ёки харажатларни қопла

апр 18 / 2018

alt

Ички ишлар вазирлиги ва Молия вазирлигининг 16 апрелдаги қарори билан Ички ишлар органларида мажбурий хизматни ўташ ҳақидаги шартномаларни тузиш ҳамда шартнома шартлари бажарилмаганда харажатларни қоплаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

"Норма" хабарига кўра, ҳужжатда ўқишни тамомлагандан кейин 5 календарь йили мобайнида ички ишлар органларида (ИИО) ёки тақсимот бўйича юборилганда бошқа давлат идораларида мажбурий узлуксиз хизмат ўташ ҳақида шартнома тузиш тартиби белгиланган.

Қуйидагилар билан шартнома тузилади:

  • курсантлар – ИИВ олий ҳарбий таълим муассасаларининг кундузги таълим шаклига ўқишга кирган фуқаролар;
  • тингловчилар – ИИВ томонидан хорижий давлатлар олий таълим муассасаларига ўқишга юборилган фуқаролар.

Шартнома шартлари ҳамда унинг бажарилмаслиги сабабли моддий жавобгарлик ҳақида номзод (шунингдек унинг ота-онаси) ўқишга киргунига қадар дастлабки танлов даврида ёзма равишда огоҳлантирилади.

Курсант билан шартномани ИИВ номидан олий ҳарбий таълим муассасаси раҳбари, тингловчи билан эса – ички ишлар вазирининг ўринбосари – Кадрлар бош бошқармаси бошлиғи имзолайди. Курсантлар ёки тингловчилар сафидан чиқарилиб ўқишга қайта тикланган курсант ва тингловчи билан қайта шартнома тузилиши шарт.

У 2 нусхада давлат ёки рус тилида тузилади, улардан бири курсант ёки тингловчига берилади, иккинчиси – унинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдига бириктирилади. Курсант ёки тингловчи шартнома тузишни рад қилганда, сабабларни кўрсатган ҳолда тегишли далолатнома расмийлаштирилади.

ИИО ходими муддатдан олдин хизматдан бўшатилганда унинг таълим олиши учун давлат бюджетидан сарфланган маблағлар 30 кун ичида қайтарилиши кераклиги ҳақида огоҳлантирилади. Ходим учун харажатлар юридик шахслар томонидан тўлаб берилиши мумкин (давлат бюджетидан тўлаб беришга йўл қўйилмайди). Харажатлар қопланганлигини тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси унинг сўнгги иш жойига тақдим қилиниши лозим.

Кўрсатилган харажатларни қоплаш мажбурияти бажарилмаган тақдирда улар суд тартибида ундирилади. Харажатларни тўлаган ходим хизматга тикланган тақдирда ундан ундирилган пул маблағлари тўлиқ қайтарилади. Мажбурий 5 йиллик хизматни қисман ўтаганда харажатлар ўталмай қолган хизмат даврининг нисбатидан келиб чиқиб қопланади.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *