"Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи билан мукофотланди

янв 30 / 2017

alt

Миллий авиакомпанияси ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан Президент фармонига мувофиқ "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи билан мукофотланди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 1992 йил 28 январдаги “Ўзбекистон Миллий авиакомпаниясини ташкил қилиш тўғрисида”ги фармонига кўра Миллий авиакомпания ташкил этилган эди.

Тошкентда ушбу сана муносабати билан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси ташкил этилганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. 

Тадбирда Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси жамоасига йўллаган табригини Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов ўқиб эшиттирди. 

Давлатимиз раҳбари фармонига биноан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясининг бир гуруҳ ходимлари давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди. Тадбирда ана шу мукофотлар тантанали равишда топширилди. 

Бугунги кунда "Ўзбекистон" ёзуви туширилган ва давлатимиз байроғи акс этган замонавий ва қулай авиалайнерлар бугун дунёнинг 50дан ортиқ мамлакатига парвоз қилмоқда. Аляскадан то Янги Зеландиягача чартер қатновлари амалга оширилмоқда. 2016 йилда авиакомпаниямиз самолётлари 2 миллион 500 минг йўловчига хизмат кўрсатди ва 43 минг тонна юк ташиди. 

Ўтган йилларда Миллий авиакомпания авиапарки жаҳонга машҳур компанияларда ишлаб чиқарилган замонавий самолётлар билан тубдан янгиланди. Шу боис Биринчи Президентимиз ташаббуси билан Миллий авиакомпаниямиз парки босқичма-босқич модернизация қилинди, энг сўнгги русумдаги ҳаво кемалари билан тўлдирилди. Учувчиларимиз А320, Boeing-757/767, Ил-114-100 каби ҳаво кемаларини маҳорат билан ўзлаштириб, янги авлод самолётлари – Dreamlinerларни ҳам бошқармоқда. Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида МАК авиапаркига дунёдаги саноқли давлатлар авиаташувчилари қаторида биринчилардан бўлиб, энг замонавий иккита Boeing-787-8 Dreamlinerи олиб келинди. Келгусида компания яна 4 та ана “Орзу лайнери” сотиб олишни режалаштирган.

Айни пайтда Жанубий кореялик ҳамкорлар билан соатига 1,5 минг йўловчига хизмат кўрсатишга ихтисослашган Марказий Осиёдаги энг замонавий “Тошкент-4” йўловчилар терминалини қуриш бўйича йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Мазкур иншоот 2019 йил охирида фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.

Тантанали маросим концерт дастури билан якунланди. 

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *