Ўзбекистонда Миллий кинокомиссия ташкил этилади

июл 28 / 2018

alt

Президентнинг “Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан 2018 йилнинг 15 сентябрига қадар Ўзбекистонда кино туризмини ривожлантириш ҳамда хорижий кинокомпанияларни Ўзбекистон ҳудудида фильмларни тасвирга олиш ишларида ташкилий ва ишлаб чиқариш-техник хизматларни кўрсатиш бўйича доимий фаолият юритадиган Миллий кинокомиссия ташкил этилади.

Бу ҳақда 27 июль куни соҳа мутахассислари иштирокида ўтган матбуот анжуманида Кинематографияни ривожлантириш маркази директори Ойбек Абдушукуров маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, бундан буён республика ҳудудида фильмларни тасвирга олиш учун хорижий кинокомпанияларни кенг жалб қилиш ҳамда уларга халқаро тажриба асосида киносервис хизматларини кўрсатиш бўйича ҳамкорлик қилади.

Кинокомиссиянинг асосий вазифалари хорижий инвесторларни Ўзбекистонга жалб этиш ва мамлакатнинг маданий-тарихий мероси ва табиий бойликларини кенг тарғиб қилишдан иборат. Бундан ташқари хорижий кинокомпанияларга республика ҳудудида қулай шароит яратиш билан бирга ташкилий ва техник хизмат кўрсатиш, уларнинг маҳаллий киностудиялар билан ҳамкорликда фильмлар (копродуксия) ишлаб чиқаришини ташкиллаштириш кўзда тутилган.

Ўзбекистонда суратга олинаётган хорижий картиналарга маҳаллий мутахассисларни жалб қилиш, республиканинг диққатга сазовор жойларида тасвирга олинган фильмларни халқаро миқёсда тарғиб қилиш орқали мамлакатнинг туристик жозибадорлигини намоён қилиш ва кинотуризм соҳасини ривожлантириш ҳам шулар жумласидан.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *