Ўзбекистонда биринчи танк биатлони майдонининг очилиш маросими ўтказилди (+фото)

мая 07 / 2018

alt

Тошкент вилояти ҳарбий-маъмурий сектори ва Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондонлиги ҳамкорлиги остида “Чирчиқ” умумқўшин дала ўқув майдони базасида танк биатлони бўйича мусобақа ўтказилишга мўлжалланган ва халқаро стандартларга мос бўлган махсус майдон барпо этилди. Юртимизда илк бор танк биатлонини ўтказишга мўлжалланган мазкур иншоот танк, пиёдалар ва десантчилар жанговар машиналари ҳамда зирҳли транспортёрларда сунъий ҳовуз, миналаштирилган ва манёвр бажариш майдони, танкка қарши чуқур, қўрғон, эскарп (танкка қарши девор), коллеяли кўприк макети ва отиш майдончаси кабилардан ўтишлари учун мўлжалланган тўсиқлардан иборат.

Махсус танк йўлагининг умумий узунлиги 4200 метр бўлиб, халқаро миқёсда ўтказилувчи танк биатлони майдонлари талабларига жавоб беради. “Машқурилишинвест” МЧЖ томонидан бунёд этилган майдонда мусобақаларни кузатиш учун 3 қаватли 12 метр баландликдаги минора, ҳарбий техника ва шахсий таркибнинг парадини ўтказиш учун узунлиги 600 ва эни 20 метрли саф майдони мавжуд.

Отиш машқларини бажаришда пушкалар учун тезлиги 1000 м/с дан кам бўлмаган ўқ-дорилардан фойдаланилади. Мусобақанинг амалий босқичи “Якка тартибдаги (индивидуал) пойга” билан бошланади. “Якка тартибдаги (индивидуал) пойга” табиий ва сунъий тўсиқлари мавжуд бўлган, жанговар йўлакча ва отиш учун окоп (майдонча)лар билан жиҳозланган йўналиш бўйича ўтказилади.

Бугун 9 май – Хотира ва Қадрлаш кунига бағишлаб мамлакатимиздаги биринчи танк биатлони майдонининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. 

alt

Шундан кейин шахсий таркиб, жанговар ва ҳарбий техникаларнинг тантанали ўтиши ҳамда вертолётларнинг кўргазмали учиши намойиш этилди. Унда мингдан зиёд ҳарбий хизматчи ва ўттиздан ортиқ уруш йилларидаги ва бугун қуролланишда турган ҳарбий техникалар тантанали марш билан ўтди. Майдон узра иккита вертолётда Ўзбекстон байроғи тантанавор олиб ўтилди. Ишғол усулида ҳарбий хизматчиларнинг вертолётлардан десант бўлиб тушиши кўрсатилди. Ҳарбий оркестр ва ҳарбий хизматчиларнинг қўл жанги элементлари билан кўргазмали чиқишлари иштирокчилар олқишига сазовор бўлди.

alt

Тадбирнинг асосий қисмида икки танк экипажининг мусобақада кўргазмали тарзда белгиланган тўсиқлардан ўтиши ва машқ шартидаги нишонларни яксон этиши кўрсатилди.

alt

Ғолиб ва совриндор жамоа кубок, диплом ва қимматбаҳо соқғалар билан тақдирланди.

Иштирокчиларга, шунингдек, дала шароитида фронт орти таъминотини ташкиллаштирилиши ва иш тартиби намойиш этилди. Тантанада Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли ҳамда таниқли хонандалар томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар йиғилганларга ҳушкайфият улашди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *