Ўзбекистонда фойдаланилмаётган бино эгалари кўпроқ солиқ тўлайдиган бўлди

сен 08 / 2018

alt

Ўзбекистонда жами 45 мингта фаолият кўрсатмаётган бино ва қурилиши тугалланмаган объект сақланиб қолмоқда, уларнинг 27 мингтаси хусусий мулк ҳисобланади.

Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент қарори қабул қилингани ҳақида Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм канали маълум қилмоқда.

Қарорда таъкидланишича, илгари хусусийлаштирилган корхоналар билан ишлашда ёндашув ва иш услубининг тубдан ўзгартирилиши бир ярим мингдан ортиқ фаолият кўрсатмаётган ва кам қувватли корхоналар фаолиятини тиклаш ва ўн икки мингдан ортиқ иш ўринлари яратиш имконини берди.

Шу билан бирга, юртимизда жами 45 мингта фаолият кўрсатмаётган бино ва қурилиши тугалланмаган объект сақланиб қолмоқда, уларнинг 27 мингтаси хусусий мулк ҳисобланади.

Қарорга мувофиқ, туманлар даражасида фойдаланилмаётган объектлардан самарали фойдаланиш бўйича намунавий таркибдаги идоралараро комиссиялар тузилди.

Ушбу комиссиялар:

• тегишли ҳудуддаги фойдаланилмаётган объектларнинг рўйхатини шакллантиради;

• фойдаланилмаётган объектларда ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича “йўл хариталари” ва инвестиция лойиҳаларини мулкдорлар билан бирга ишлаб чиқади;

• мулкидан фойдаланмаётган мулкдорларга (юридик шахсларга) нисбатан таъсир чораларини қўллаш ҳақида хулоса тақдим этади;

• тадбиркорларга инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда кўмаклашади.

2018 йил 15 сентябрдан бошлаб:

а) давлат мулки бўлган фойдаланилмаётган объектлар сотилади, давлат-хусусий шериклик асосида ижарага берилади;

б) фойдаланилмаётган объектлар эгаларига (юридик шахслар) қуйидаги таъсир чоралари қўлланилади:

• қонунчиликка мувофиқ тақдим этилган солиқ имтиёзларини тўхтатиш;

• соддалаштирилган солиққа тортиш тартибидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни умумбелгиланган тартибда тўлашга ўтказиш;

• мол-мулк ва ер солиқларини ўрнатилган ставкага нисбатан икки бараварга ошириш (6 ой ўтгандан сўнг – беш бараварга, 12 ойдан кейин ўн бараварга оширилади).

Таъсир чоралари давлат ташкилотларнинг айбига кўра инвестиция лойиҳасини амалга ошира олмаганларга, шунингдек фойдаланилмаётган объектдан самарали фойдаланиш бўйича “йўл харитаси”ни (инвестиция лойиҳасини) тақдим этган ва амалга оширишни бошлаганларга нисбатан қўлланилмайди.

Таъсир чоралари мулкдорнинг идоралараро комиссия хулосаси билан танишганидан кейинги ойдан бошлаб қўлланади.

Таъсир чораларини қўллаш ҳақидаги хулосасини чиқариш учун фойдаланилмаётган объектдан фойдаланиш бўйича таклифлар тақдим этилмаганлиги ёки тасдиқланган “йўл харитаси”нинг бажарилмаслиги асос бўлади.

Давлат рақобат қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитасига бир ой муддатда фойдаланилмаётган мулклар бўйича электрон маълумотлар базасини шакллантириш ва уларнинг мулкдорларига нисбатан таъсир чоралари қўллаш юкланди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *