Ўзбекистонда Янги йил кунлари кетма-кет 5 кун дам олиш куни бўлади

дек 29 / 2017

alt

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 28 декабрь куни «2018 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида»ги фармонни имзолади. Фармон матни Президент сайтида эълон қилинди.

Фармонга мувофиқ, 2018 йилда Янги йил, Наврўз ва Мустақиллик куни давлат байрамларига тўғри келган қўшимча ишланмайдиган кунлар қонунчиликда белгиланмоқда, шунингдек, айрим дам олиш кунларини ушбу байрам саналарига яқин бўлган иш кунларига кўчирилиши амалга оширилмоқда.

Натижада 2018 йилда байрам кунларида узлуксиз дам олиш давомийлиги қўшимча ишламайдиган кунларни белгилаш ва айрим дам олиш кунларни кўчириш орқали таъминланади:

Янги йил байрамида — 5 календарь куни (2017 йилнинг 30 ва 31 декабрлари — тақвим бўйича дам олиш кунлари, 2018 йилнинг 1 январи — байрам муносабати билан дам олиш куни, 2018 йилнинг 2 январи — қўшимча дам олиш куни, 2018 йилнинг 3 январи — 6 январдан кўчирилган дам олиш куни);

Наврўз байрамида — 5 календарь куни (2018 йил 18 март — тақвим бўйича дам олиш куни, 19 март — 17 мартдан кўчирилган дам олиш куни, 20 март — қўшимча дам олиш куни, 21 март — байрам муносабати билан дам олиш куни, 22 март — 24 мартдан кўчирилган дам олиш куни);

Мустақиллик куни байрамида — 5 календарь куни (2018 йил 31 август — қўшимча дам олиш куни, 1 сентябрь — байрам муносабати билан дам олиш куни, 2 сентябрь — тақвим бўйича дам олиш куни, 3 сентябрь — 15 сентябрь, шанбадан кўчирилган дам олиш куни, 4 сентябрь — 8 сентябрдан кўчирилган дам олиш куни).

Янги йил, Наврўз ва Мустақиллик куни байрам кунларига қўшимча ишланмайдиган кунлар белгиланиши меҳнат таътили давомийлиги уч иш кунига қисқартирилиши ҳисобига қопланиши кўзда тутилмоқда.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *