Ўзбекистонлик ҳарбий ошпазлар «АрМИ-2018» доирасида мастер-класс намойиш этди

июл 31 / 2018

 

«АрМИ-2018» IV Халқаро армия ўйинлари очилишида иштирок этган ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар ўзбек миллий таомларини тайёрлаш бўйича ўз маҳоратини намойиш этди.

Москва вилоятидаги «Алабино» полигонида Россия, Хитой, Эрон, Ўзбекистон, Озарбайжон, Белорусь Республикаси, Қозоғистон ва Арманистондан келган ҳарбий ошпазлар томонидан тайёрланган таомларни ҳакамлар ҳайъати баҳолади. Шунингдек, мазкур таомлардан ташриф буюрган барча меҳмонлар татиб кўрди.

«Ўзбекистонлик ҳарбий ошпазлар мастер-класс жараёнида 30 килограмм ош, шўрва, тандирда товуқ ва гўшт пиширди. Ўзбекистондан олиб борилган қовун-тарвузлар ва сархил мевалар дастурхонга тортилди. Таомларимиз барчага бирдек манзур бўлди. Ошга улгурмаганлар кечгача ош бормикан деб сўраб келишди», — дейди мусобақаларни ёритиш учун борган Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги махсус вакили.  

Ҳарбий ошпазларнинг маҳоратини Россия Федерацияси мудофаа вазири Сергей Шойгу ҳам юқори баҳолади. «Жуда мазали, раҳмат!», — дейди таомлардан татиб кўрган Шойгу.

Ташкилотчиларнинг сўзларига қараганда, ушбу беллашувга 5 мингдан зиёд томошабин ташриф буюрган. Шундан сўнг мусобақанинг «Танк биатлони» йўналишига старт берилган. Таъкидланишича, кун давомида «Алабино» полигонига 40 минг нафардан ортиқ томошабин келган.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *