Ўзбекистонлик курсантлар халқаро олимпиаданинг илк мавсумида учинчи ўринни қўлга киритишди

апр 02 / 2018

alt

26-30 март кунлари Арманистоннинг Ереван шаҳридаги Монте-Мелконян ҳарбий коллежида курсантлар ўртасида Халқаро олимпиада бўлиб ўтди. Унда чет тили йўналишида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги курсантлари биринчи марта иштирок этишди. 

Мудофаа вазирлигига қарашли Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари “Тинчлик йўлидаги ҳамкорлик” дастури тайёрлаш маркази инглиз тили кафедраси мудири Илья Зверев бошчилигида Ереванга йўл олган Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти 3-босқич курсанти Аббос Раҳимжонов ва 2-босиқ курсантлари Лазиз Раҳимов, Бекпўлат Боқижоновлардан иборат жамоа якуний натижаларга кўра Халқаро олимпиадада фахрли учинчи ўринга муносиб дея эътироф этилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар қилади.

Мазкур олимпиадада Россия Федерацияси, Беларусь, Ўзбекистон ва Қозоғистон респбликалари ҳамда мезбон давлат курсантларидан иборат 9 жамоа иштирок этди.

Халқаро олимпиаданинг энг юқори поғонасидан Россия Ҳарбий университети курсантлари жой олган бўлса, Арманистоннинг Вазген Саркисян номидаги Ҳарбий университет жамоаси иккинчи ўринни қўлга киритди.

Курсантлар ўртасидаги Халқаро олимпиаданинг навбатдаги баҳслари (математика бўйича) 2-6 апрель кунлари Қозоғистоннинг  Олмаота шаҳридаги Радиоэлектроника ва алоқа ҳарбий-муҳандислик институтида бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон шарафини Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсантлари ҳимоя қилишади.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *