ЎзМУ декани ва ўринбосари ўқишга киритиш учун 2000 доллар пора олаётганда қўлга тушди

авг 25 / 2018

alt

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети декани ва ўринбосари шу университет магистуратураси “Ижтимоий фанлар” факультетининг психология йўналишига ўқишга қабул қилиш эвазига 2000 АҚШ доллари миқдорида пул талаб қилган. Бу ҳақда 15 август куни фуқаро Р.Х. ИИВ Жиноят қидирув бош бошқармаси Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармасига қилган мурожаат аризасида баён қилган. 

ИИВ матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур аризага асосан шу куни Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ҳамда Тошкент шаҳар прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида университетнинг “Ижтимоий фанлар” факультети декан муовини бўлиб ишловчи Ю.Ж. университетнинг "Физика" факультети биносида фуқаро Р.Х.дан 2000 АҚШ доллари миқдоридаги пулни олган вақтида қўлга олинган. Ю.Ж. ўзининг жиноий шериги А.Қ. билан ўзаро жиноий тил бириктириб, ушбу пулларни олганлиги маълум бўлди.

Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “г” банди (пора олиш: бир гуруҳ мансабдор шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, Ю.Ж. ва А.Қ. қамоққа олинган.

Шунингдек, жиноий гуруҳнинг бошқа аъзоларига нисбатан ҳам тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *