Хоразмда ИИВ тизимидаги 6 нафар раҳбар ишдан олинди

авг 20 / 2018

alt

Ички ишлар вазири генерал-майор Пўлат Бобожонов раҳбарлигидаги Ишчи гуруҳ жорий йилнинг 12-16 август кунлари Хоразм вилоятининг барча шаҳар ва туман ички ишлар органлари ҳамда вилоят ички ишлар бошқармасида батафсил ўрганишлар олиб бориб, уларнинг якуни бўйича ҳар бир таркибий тузилма ва ходимлар фаолиятига танқидий баҳо берилди. Бу ҳақда ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси ахборот берган.

Ўрганишлар давомида ички ишлар вазири Хазорасп, Боғот, Янгиариқ, Хонқа, Урганч туманларида ички ишлар органлари шахсий таркиби билан учрашди. 

Ўрганишлар якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти девони, Бош прокуратура, вилоят ҳокимлиги ва ички ишлар органлари масъул ходимлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда вилоятнинг айрим ички ишлар органлари ходимларининг фуқаролар билан муносабатларда ноўрин ҳатти-ҳаракатлари, раҳбарларнинг масъулиятсизлиги ва бепарволиги ҳамда уларнинг қўл остидаги ходимлари устидан кунлик назоратни лозим даражада олиб борилмаётганлиги оқибатида йўл қўйилган камчиликлар аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётганлиги кўрсатиб ўтилди.

Хусусан, вилоятда жорий йилнинг етти ойи мобайнида жиноятчилик камайганига қарамасдан, айрим ҳудудларда криминоген вазият бирмунча оғирлашган. Шовот ва Янгиариқ туманларида қотиллик, Хонқа, Урганч ва Қўшкўпир туманларида оғир шикаст етказиш жиноятлари кўпайган.

Муҳокамалар давомида эгаллаб турган лавозимига нолойиқ хатти-ҳаракатларни содир этган, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тўлақонли англаб етмасдан, бугунги кун талабларига жавоб бермайдиган эскича иш услубида хизмат қилаётган, ўз устида ишламасдан, фуқароларнинг манфаати йўлида жонбозлик кўрсатмаган Янгибозор тумани ИИБ бошлиғи вазифасини бажарувчи Ж.Пирязов, ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Ю.Ахмедов, Жиноят қидирув бўлинмаси бошлиғи И.Салаев, Урганч тумани ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Ш.Жуманазаров, Қўшкўпир тумани ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш.Хасанов, Янгиариқ тумани ИИБ бошлиғининг хизмат бўйича ўринбосари Х.Нурметовлар эгаллаб турган лавозимларидан озод этилдилар.

Шунингдек, фаолиятида йўл қўйган камчиликлар, хизмат вазифаларини бажаришга масъулият билан ёндашмаган қатор раҳбар ва ходимларга турли даражадаги интизомий жазо чоралари қўлланилди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *