Кредитми ёки сиртмоқ: Банк нега 23 млн сўмлик голланд сигирини сотишга рухсат бермади?

июл 31 / 2018

 

Юртимизда сўнгги йилларда аҳоли даромадларини кўпайтириш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида давлат томонидан турли кредитларнинг берилиши жадаллашди. 

Уддабуронроқ киши бу имкониятдан унумли фойдаланиб ўз бизнесини йўлга қўйса, тадбиркорликка нўноқроқ одам олган маблағини тўғри йўналтирмай бошини чангаллаб қолаётгани ҳам сир эмас. Буни охирги вақтларда ички ишлар идораларига бўлаётган мурожаатлардан, кредитини тўлолмай қочиб юрганларнинг қидирувга берилаётганидан ҳам билса бўлади.

Тухум ташқаридан синдирилса, унинг ҳаёти тугайди. Аммо у ичкаридан синдирилса, ҳаёт бош­ланади. Жамият ҳаётида ҳам шу қонуният табиий кечмагунча катта натижаларга эришиш қийин кечар экан. Яқинда қишлоқдан қўнғироқ бўлди. Дардимни шу тушунар, ҳеч бўлмаганда, руҳимни кўтарар деган мақсадда бир дўстим сим қоққан экан.

 – Э ошна, кредит-предити қуриб кетсин! Мен ҳам имкониятдан фойдаланай деб 23 миллион сўмга эна-бола мол олгандим. Уч-тўрт ой аранг боқдим. Чет элнинг зотдор молини боқиш осон эмас экан. Кейин шуни сотиб ўрнига ўзимизнинг ғунажинлардан 2–3 тасини олай, яхши фойда қиламан деб бозорга оборсам, бу жониворга 11 миллиондан ортиқ пул беришмаяпти. Ахир, мен уни 23 миллионга олганман-а... 12 миллионимга куйиб қоламанми энди?

Ошнамнинг гапларини тинглаб, мен қаердан билай, деворишимга сал қолди. У мени дўст билиб маслаҳат солса-ю...

Шу сабаб бўлди-ю, берилаётган кредитлар  ҳақида маълумот йиғиб, ўрганишга киришдим.  Хўш, у чин эгаларига бериляптими, кўзланган мақсадларга эришил­яптими, бу борада қандай муаммо ва камчиликлар бор?.. Ишни фейсбук ижтимоий тармоғидаги 170 мингдан ортиқ аъзоси бўлган «Халқ билан мулоқот» гуруҳида одамларнинг фикр ва муносабатларини ўрганишдан бошладим. Билдирилган фикрларнинг ўта танқидийлиги, кўпчиликнинг кредит бериш тартибидан қаттиқ норози эканлигидан ҳайрон қолдим. Мисол учун, гуруҳнинг Даврон Азизов исмли фойдаланувчиси «Банк чорва фермери билан шартнома олиб келинг, дейди. Фермага борсангиз аслида 5 миллионлик мол учун 8–10 миллион сўмга шартнома беради. Хоҳласангиз шу, бўлмаса шартнома қилмайман, дейди. Бу реал ҳақиқат. Пул нақд берилса ва мол реал нархга сотиб олинса,  ана ўшанда фойда қилиш, кредитни ҳам бемалол қайтаришнинг имкони бор. Мен буни ўз тажрибамдан келиб чиқиб ёзаяпман, кичик бўлса-да, ўз фермам бор». деб ёзади. Яна бошқа бир фойдланувчи қарор халқни ўйлаб, тўғри чиқарилганини, лекин кредит бериш тартиби ўзгартирилмаса, ундан наф йўқлигини ёзган. «Пул ўтказиш йўли билан тўланадиган бўлса, бечора мижоз молни ўз нархидан икки баравар қимматга олади, кейин боқиб фойда қилишга ақли етмай ярим пулига сотади. Ахир, банк кредитининг фоизини ҳам тўлаши керак-ку. Шунинг учун бу кредитни фақатгина қарзга ботган, бошқа имкони қолмаган одам олади-да, шартта бошқа қарзларини ёпади» деб изоҳ қолдирилган.

Баҳсга қўшилган Нодир Ғуломов исмли банк ходими «Ҳамма виждонан иш қилмайди. Давлат томонидан чорвачиликни, паррандачиликни ривожлантириш учун ажратилган имтиёзли кредит нақд пул шаклида берилса, бошқа мақсадларда сарфланиб кетади. Банк вакили кредит мақсадлилигини ўрганиш учун мониторинг қилиш мақсадида борганида, кредит олган одам қўшнисининг молини кўрсатиб юборади. Натижада давлатнинг пули бошқа ниятда ишлатилиб, чорвачилик, паррандачилик соҳалари ривожланмай қолади», дея фикр билдирган.

Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, кредит қорамолнинг тирик вазнида ҳар бир килограмми учун 25 мингдан 35 минг сўмгача ҳисоблаб берилаётган экан. Зотли бўрдоқилардан 51 фоиз гўшт олиш мумкинлиги ҳисобга олинса, одамлар гўштни 70 минг сўмдан сотиб олиб, молни бир йил боқиб семиртиргач, гўштини 40 минг сўмдан сотаётган бўлиб чиқади. Ахир, сут, қаймоқдан келадиган даромад-чи, дейишингиз мумкин. Банк бераётган кредитга сотиб олинаётган қорамолларнинг бир кунда 30–40 минг сўмлик ем-хашак ейиши инобатга олинса, сутдан олаётган 20-25 минг сўм қилинаётган харажатнинг ўзини ҳам қопламаётганини кўрсатади.

«Халқ билан мулоқот» гуруҳининг Нариммат Йўлдошев исмли фойдаланувчиси: «Тижорат банклари томонидан берилаётган кредит бир неча одамнинг чўнтагини қаппайтиряпти, холос. Масалан, маълум бир ҳудуддаги 3–4 туман аҳолиси ушбу ҳудудда чорвачилик бў­йича юзлаб фермер хўжаликлари бўлишига қарамай, фақат «белгиланган» 4–5 бош насл­дор мол боқадиган фермерлардан мол олиши мумкин қилиб қўйилган. Қолган фермерлардан мол олишга ҳаққингиз йўқ (монополия). Аммо мана шу наслдор молни бизнинг оддий молхонада боқиш ҳеч кимни қизиқтирмайди. Европадан келтирилган моллар учун алоҳида шароит яратиш керак, акс ҳолда, бизнинг иқлимда ўлиб қолади. Оғилхонада молни чўмилтириш мосламаси, ҳароратни мўътадил сақлаш учун кондиционер, ҳавонинг алмашиб туриши учун вентилятор бўлиши керак», дейди.

Мақолани ёзиш давомида кўплаб банк ходимларининг ҳам фикрини тингладим. Улар ҳам ҳозирда банкларда қорамолчиликка ажратилаётган кредитлар билан боғлиқ муаммолар кўплигини айтишмоқда.

Мазкур мулоҳазалардан сўнг дўстимга қўнғироқ қилдим. У муаммоси ҳалигача ҳал бўлмаганини айтди. Молини 11 миллионга бўлса ҳам сотиб, кредитнинг бир қисмини тўлаб, ҳар куни ўртача 20 минг сўм зарар келтираётган голланд сигиридан қутилмоқчи бўлганида, банкдагилар рухсат беришмаётган экан. Сотгудек бўлса, ишини судга ошириб қаматиш билан пўписа қилишибди. Шунинг учун 2018 йил 17 июль куни ёрдам сўраб халқ қабулхонасига мурожаат қилибди. Суҳбатимиз сўнгида у кредит бериш сиёсати жуда тўғри эканлигини, лекин бу шаклда кўзланган натижаларга эришиб бўлмаслигини айтиб, агар кредит нақд шаклда берилса, жон деб яна олишга тайёрлигини ҳам қўшиб қўйди.

Юқорида ёзилганлар халқ ичидаги муаммолар, уларнинг ўз тилидан айтилган гаплар эди. Энди қолгани иқтисодчию масъ­улларга ҳавола. Аммо юқорида айтганимиздек, тухумни ташқаридан синдириб, унинг ичидаги ҳаётни нобуд қилиб қўймайлик. Одамларнинг орзу ва ишончини сўндирмайлик.

Нозим АШУРАЛИЕВ

"Постда" газетаси

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *