Марғилонда "Атлас байрами" фестивали бўлиб ўтади

сен 05 / 2018

alt

11 – 15 сентябрь кунлари Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида “Атлас байрами” анъанавий тўқимачиликнинг тўртинчи фестивали бўлиб ўтади.

ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси биносида ОАВ вакиллари ва ташкилотчилар иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда фестивал доирасида ўтказиладиган маданий маросимлар тўғрисида маълумот берилди.

Фестиваль Фарғона вилояти ва Марғилон шаҳри ҳокимияти, Марғилондаги Ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, "Ҳунарманд" ассоциацияси, DVV International ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Марказий Осиё халқаро тадқиқотлар институти ва бир қанча халқаро ташкилотлар кўмагида ташкил этилмоқда.     

Бу фестивални ўтказишдан асосий мақсад, Ўзбекистоннинг бой номоддий меросини муҳофаза қилиш, оммалаштириш ва анъанавий ҳунармандчиликни ривожлантиришга қаратилган. Навбатдаги “Атлас байрами” аввалгиларидан фарқли ўлароқ, халқаро миқёсда ташкил этилмоқда. Эслатиб ўтамиз, олдинги йиллари фестиваль фақатгина республика миқёсида ўтказилган.

Ушбу фестивалда Хитой, Франция, Испания, Туркия, АҚШ, Қирғизистон, Мўғулистон, Тожикистон, Россия каби ўндан ортиқ давлатларнинг ёрқин намоёндалари ташриф буюриши ва маҳорат дарсларини ўтказишлари кутилмоқда.

Марғилонда бўлиб ўтадиган “Атлас байрами” халқаро тўқимачилик фестивали 3та йирик: таълимий, илмий ва оммалаштириш йўналишларида ташкил этилади. Бунда “Буюк Ипак йўлидаги Шарқ ва Ғарб таъсири: Ханчжоу, Марғилон, Валенсия” мавзусидаги халқаро илмий конференция, “Буюк Ипак йўли: анъаналарни давом эттириб..." анъанавий тўқимачилик кўргазмаси ҳамда дизайнерларнинг маҳорат дарслари ташкил этилади.

Эрмитаж ҳамда Хитой ипак музейи вакиллари ҳам ушбу фестивалга таклиф қилинган.

Айтиб ўтиш керакки, “Атлас байрами” анъанавий тўқимачилик фестивали миллий матолар, ҳунармандчилик ва анъаналарни дунёга танитишда муҳим рол ўйнайдиган маданий тадбирлардан бири ҳисобланади.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *