Марғилонлик оғуфуруш хавфли рецидивист деб топилиб, 10 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилинди

июн 23 / 2016

alt

Ш.Қодиров 2010 йилда жиноят ишлари бўйича Олтиариқ  туман суди томонидан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган, жиноят ишлари бўйича Бешариқ туман суди томонидан  жазога тортилиб, Олий Мажлис Сенатининг 2014 йил 14 ноябрдаги амнистия  актига асосан  иши тугатилган эди. Бироқ  у яна жиноят содир этди.

Тожикистондаги  гумашталари билан тил бириктириб, кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситаларини  юртимиз чегарасига олиб ўтиш, сотишни  режалаштирди.  2016 йилнинг  8 январ куни таниши оғуни айланма йўллар орқали олиб ўтиб, Тошкент вилояти, Бекобод-Бўка  магистрал йўлидаги  ариқ ичига яшириб кетади. Ш.Қодиров Марғилон  шаҳридаги номаълум шахсларга 2 000.000  сўм эвазига етказиб бериши лозим  бўлган гиёҳвандлик воситаларини Қамчиқ довони орқали  Қўштепа туманига олиб келиб, яшириб қўяди. 

Аммо бир неча кун ўтса ҳам кутилган қўнғироқ бўлмагани, харидорларнинг  дараксиз кетиши уни ташвишга солади.  Кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситасини йўқотиш, ўз айбини беркитиш мақсадида  15 январ куни ҳуқуқ-тартибот идорасига ариза билан мурожаат қилди. Дала майдонига яшириб қўйилган  5 дона тўртбурчак шаклдаги  прессланган, скоч билан  ўралган  5 килограмм  “гашиш” ва 1 килограмм  “опий” гиёҳвандлик воситасини  ихтиёрий равишда топширди. 

Судда  Ш.Қодиров  хатти-ҳаракатларига ижобий баҳо бериб, ўзини жабрланувчи қилиб кўрсатишга  уринди. Аввал ҳам  гиёҳванд моддалар олди-соттиси билан шуғулланганлиги учун судлангани, соғлигини йўқотганлиги сабабли  жиноятчиларни  мустақил ҳаракат қилиб, тутиб бермоқчи бўлганлиги, шу сабабли ўз вақтида тегишли ташкилотларга мурожаат қилмаганлигини айтиб кўрсатма берди. Суриштирув ишлари давомида бу важ-карсонлар  айбдорнинг  ўзига боғлиқ бўлмаган вазиятларга кўра, харидор панд бергачгина,  жавобгарлигини енгиллаштириш мақсадида келтирилгани ўз тасдиғини топди. Ш.Қодиров тожикистонлик ҳамтовоғи билан  2016 йилнинг 8 январ куни эмас, балки бир йил олдин хабарлашгани ва ўзаро  боғланиб тургани  маълум бўлди.

Жиноят ишлари бўйича Бағдод тумани  суди томонидан  айбдор  хавфли рецидивист деб топилиб, 10 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Манба: “Фарғона ҳақиқати” газетаси

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *