Марказий Осиё минтақасининг барқарор ривожланишига нималар хавф солади?

июн 05 / 2018

alt

5 июнь куни Тошкентда иш бошлаган Марказий Осиё халқаро экология форумида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Нодир Отажонов Марказий осиё давлатлари дуч келаётган таҳдидлар минтақавий хусусиятга эга экани ҳақида гапирди. Унинг таъкидлашича, атроф-муҳит ифлосланиши, иқлим ўзгариши, сув ресурсларининг етишмовчилиги, қурғоқчилик Марказий Осиё минтақасининг барқарор ривожланишини хавф остига қўймоқда. Барча саъй-ҳаракатлар, билимлар, ресурслар тегишли даражада бирлаштирилмаса, минтақа мамлакатлари ушбу таҳликаларга нисбатан қарши жавобларни ишлаб чиқиши қийин бўлади.

Н. Отажонов мазкур Форум давлатларнинг мулоқотларни янги даражада давом эттиришларига замин яратишига ишонч билдирди:

«Бугунги тадбирда ҳам етакчи экспертлар, ҳам Марказий Осиё дипломатик корпуси вакилларининг фаол иштирок этиши мулоқотимизни сезиларли даражада бойитишга имконият бермоқда. Муҳокама этилаётган масалаларга турфа нуқтаи назарлар билан қараш, муҳокама позицияларини яқинлаштиришга ҳам фурсат бўлмоқда. Барча иштирокчиларга муваффақиятли ва самарали ишлашларини тилаб қоламан».

Форум давомида МОМЭМ ижрочи директори, доктор Искандар Абдуллаев ўз чиқишида Марказий Осиё жуда бой табиатга эга эканига эътибор қаратди. Биохилма-хиллик ва экотизим хизматлари бўйича Ҳукуматлараро илмий-стратегик платформанинг яқинда Европа ва Марказий Осиёда ўтказган тадқиқотига кўра, ичимлик суви сифатини мувофиқлаштириш билан боғлиқ хизматларнинг ўзи йилига бир гектар майдон учун ўртача ҳисобда 1 965 АҚШ доллари деб баҳоланмоқда. Иқлим ва ҳаво сифатини мувофиқлаштириш бўйича хизматлар мувофиқ равишда йилига бир гектар учун 464 ва 289 АҚШ долларига тенг.

Доктор Абдуллаев ушбу имкониятлардан фойдаланиш масаласига ҳам тўғри ёндошув зарур эканини таъкидлади:

«Табиатга бефарқлик, табиат қонунларини назар-писанд этмасдан, уни шавқатсиз равишда ўзлаштириш ёки эгаллаб олиш ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин. Орол денгизининг қуриши бунга яққол мисолдир – бу  оқибат улкан ва глобал фожеа. Биргина авлод даврида жаҳонда катталиги бўйича тўртинчи ўринни эгаллаб турган денгиз йўқ бўлиб кетди».

Эслатиб ўтамиз, бу йилги форумнинг бош мавзуи бу — «Атроф-муҳитни муҳофазалаш ва барқарор тараққиёт соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш».

МОҲЭФ-2018нинг асосий асосий мавзу йўналишлари қуйидагилардан иборат: қўриқланадиган табиий ҳудудларнинг биохилма-хиллигини сақлаш ва уларнинг тармоғини ривожлантириш; қаттиқ маиший чиқиндиларни комплекс бошқариш; кайта тикланувчи энергия манбалари ва энергосамарадорлик.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *