Мажбурий меҳнатга жалб қилинганлар учун ишонч телефони, terim.uz сайти ва махсус ботлар ишга тушди

сен 10 / 2018

alt

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мажбурий меҳнатга қарши курашиш мақсадида махсус ишонч тармоқларини ишга туширмоқда. Энди мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари кузатилганда вазирликнинг @mehnathuquqbot телеграм тармоғига хабар йўллаш ёки 200-06-01 телефон рақамларига қўнғироқ қилиш мумкин. Бу ҳақда 8 сентябрь куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мажбурий меҳнатга қарши олиб борилаётган чора-тадбирлар” мавзусида ўтган матбуот анжуманида  маълум қилинди.

Анжуманда таъкидланишича, ҳар бир мурожаат бўйича тезкор чора-тадбир кўрилади. 

Шунингдек, пахта йиғим-теримида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ва ихтиёрий равишда пахта теримига чиқиш истагида бўлган фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш учун @terimuzbot телеграм тармоғи ҳамда terim.uz сайти ишга туширилди.

Бундан ташқари, мажбурий меҳнат борасида қуйи бўғиндаги ўзбошимча раҳбарларни фош этишда ҳукуматга ёрдам бериш учун @paxta2018_bot манзилида «ПAХТА-2018» номли махсус бот очилди, дея хабар бермоқда Хушнудбек Худайбердиев ўз Telegram каналида.

Агарда:

- сизни иш, ўқиш ёки яшаш жойингиздан пахта теримига чиқишга мажбурлашаётган бўлса;

- сиздан пахтага чиқмаслик эвазига пул талаб қилишаётган бўлса;

- пахта далаларида болалар меҳнатига гувоҳ бўлсангиз;

- ўз хоҳишингиз билан эркин теримчи сифатида пахта теримига чиққан бўлсангиз-у, лекин ётоқ, озиқ-овқат, меҳнат муҳофазаси бўйича етарли шароитлар бўлмаса ёхуд пахта терими учун меҳнат ҳақингизни ўз вақтида беришмаётган бўлса;

ва шу каби бошқа муаммолар юзага келган бўлса унда зудликда хабар беринг, дейилади хабарда.

Ҳар бир мурожаат албатта кўриб чиқилади ва муаммони бартараф этиш учун тегишли ташкилотлар жалб қилинади.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *