Мутасаддилар кўмагидан умид узган андижонлик ногирон аёл журналистдан ёрдам сўради

июл 11 / 2018
alt
 
Сиз ҳам эътибор қилгандирсиз: сўнгги вақтларда ахборот сайтларида тез-тез аёллар билан боғлиқ нохуш воқеа-ҳодисалар, жиноятлар хусусида хабарлар бериляпти. Боласини бўғиб ўлдирган аёл, икки боласи билан ўзини сувга ташлаган она, эрини пичоқлаган аёл, таҳқирланган аёл ва ҳаказо. Аслида, бу каби воқеалар жуда қўрқинчли ва юракнинг энг ости қатларигача оғриқ етказадиган даражада зарбли...
 
Жамиятимизда долзарб масалалар қалашиб ётганида, айниқса аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги муаммолар тинимсиз бўй кўрсатиб турган бир пайтда, афсуски, ҳали-хунуз ёлғон статистикалару “осмонўпар” ҳисоботларга андармонмиз. Тўғриси, микрофонга “ўранишиб” олиб, “Биз инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида фалон ишлар қилдик, пистон чора-тадбирларни амалга оширдик, ана бундоқ ютуқларга эришдик”, деган баландпарвоз гапларни киприк қоқмай айтиш учун одам ё виждонсиз, ё кўзи кўр ва қулоғи кар бўлиши керак. Тупук сачратиб баландпарвоз ҳисоботлар бериш даври аллақачон тарихга айланганини айримлар ҳали ҳам англамагани кишини хуноб қилади...    
 
Умумий шаблон фикрлар тугади. Энди муддаога ўтаман:
 
Яқинда “Фейсбук”даги шахсий саҳифамга бир аёл ёрдам сўраб, мактуб ёзди. Хатда муаллиф Андижон вилояти, Балиқчи тумани, Хўжаобод қишлоғи, Гузар маҳалласи, “Халқлар дўстлиги” кўчаси, 13-уйда истиқомат қилувчи ногиронлиги бор синглиси Наргизанинг оғир ҳаёти ҳақида ёзган. Маълум бўлишича, Наргиза турмуш ўртоғи билан бирга яшамайди. 11 йил аввал эри қорнидаги боласи билан уни уриб, моматалоқ қилиб юборганда зўрға ота уйига қочиб келади. Эрининг зулмига чидай олмай, бирга яшамасликка қарор қилади ва  фарзандлари билан ота уйида қолади. Турмуш ўртоғи турли баҳоналар билан 4 фарзандига алимент тўламайди, ёрдам ҳам бермайди. Аёл фарзандларини боқиш учун тузук-қуруқ иш топа олмагач, Россия федерациясига ишлагани кетади. У ерда бахтсиз ходиса рўй беради. Яъни Наргизани Екатеринбургда катта тезликда келаётган машина уриб юборади ва бир ойдан зиёд касалхонада бехуш ётади, бир амаллаб Ўзбекистонга қайтади. Ҳозирда аёл 2-гуруҳ ногирони, соғлигини йўқотган, тез-тез даволаниб туради. Қолаверса, хомиладорликдаги калтакларнинг асорати ўлароқ, кенжа фарзандининг қовурғалари яхши ривожланмаган, соғлигида муаммо бор. Хатда ёзилишича, улар бир ховлида сиқилишиб қолишган. Ногирон аҳволида яқинлари кўмаги билан 4 фарзандни тарбиялаётган аёлнинг уйга, шунингдек моддий ёрдамга эхтиёжи бор. Мутасаддиларга қилинган мурожаатлар эса самарасиз ва жавоблар “хўп-хўп”дан нарига ўтмаган.
 
Муаммонинг объектив ва субъектив сабаблари аниқ. Воқеалар марказида ҳимояга мухтож ногиронлиги бор аёл ва вояга етмаган 4 нафар бола. Хўш, Худо кўрсатмасину, бирор фожиа юз бермагунича, яна “кўр” ва “кар” бўволиб ўтираверамизми? Яна “хўп-хўп ашуласи”ни айтишда давом этамизми? Бўлар энди шунча кулфат, етар энди шунча фожиа.
 
Хуллас, мана сизга факт ва муаммо! Мана сизга ёрдамга мухтож оғир шароитдаги ногирон аёл ва унинг фарзандлари!
 
Умид қиламизки, бу мақолани ўқиб, Андижон вилояти ҳокимлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ёшлар иттифоқи ва бошқа тегишли барча муассасалар муаммони ижобий ҳал қилишга кўмаклашади! 
 
Мавзу ҳали ёпилмади...
 
Муслим Мирзажонов,
журналист-блогер
 

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *