Наманган вилоят ҳокими ёшлар билан учрашди

янв 21 / 2017

alt

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Наманган вилоят Кенгаши ташаббуси билан “2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” муносабати билан “Мулоқот ва истиқболлар” шиори остида “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви ўтказилди.

Учрашувда Наманган вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Хайрулло Бозаров вилоятдаги спорт, ижтимоий ва маданий соҳаларда юксак ютуқларга эришган ёшлар билан ўзаро мулоқот ўтказди. Шунингдек, ёшларнинг муаммолари ва таклифларини ўрганиш ва ҳал этиш учун мазкур учрашувга вилоятдаги барча мутасадди ташкилот ва муассасалар раҳбарлари ҳам жалб этилдилар.

Ёшлар билан суҳбат давомида ҳоким уларни қийнаётган муаммолар ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда дуч келаётган тўсиқларни бартараф этиш бўйича соҳа мутасаддиларига тегишли кўрсатмалар берди.

  • “Темир йўл транспорти” йўналиши ўқувчиларига амалиёт ўташ ҳамда ишга жойлашишлари борасида муаммоларни ечишда амалий ёрдам беринг” дея Наманган саноат коллежи ходими Рашидов Жаҳонгирнинг мурожаатига вилоят ҳокими “Вилоятимизда темир йўлларни электрлаштириш ишлари бошланди, яқин кунларда Наманган-Андижон электрлашган темир йўл линияси ишга тушиши режалаштирилган. Албатта, сизларнинг бу муаммоингиз ижобий ҳал қилинади”, – дея жавоб берди.

alt

Учрашув сўнгида Ҳиндистоннинг Кочи шаҳрида кураш бўйича ҳамда Таиланднинг Бангкок шаҳрида муайтай бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатларида турли вазн тоифасида чемпионликни қўлга киритган бир гуруҳ ёшлар ва уларнинг мураббийлари ташаккурнома ҳамда қимматбахо совғалар билан тақдирландилар.

Тоирбек Комилжонов

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *