Оқтўба фожиасининг асл сабаби расман эълон қилинди

сен 05 / 2018

Қозоғистонда бўлиб ўтаётган суд мажлисида Ўзбекистоннинг 52 фуқароси ўлимига сабаб бўлган Оқтўба фожиасининг асл сабаби расман эълон қилинди. Бу ҳақда Nur.kz сайтига асосланиб Turon24 хабар қилади.

Судда прокурор Усмон Ўринбасарули ёнган автобусга эгалик қилувчи "Азия транзит сервис" компанияси раҳбари ва ходимлари бўлган судланувчиларга хизмат вазифаларига совуққонлик билан қараш, носоз автотранспортни эксплуатация қилиш оқибатида икки ва ундан ортиқ кишининг ўлимига сабаб бўлиш, ҳужжатларни қалбакилаштириш каби айбловларни илгари сурди.

Шунингдек, ҳар икки йилда техник кўрикдан ўтиши шарт бўлган автобус охирги марта 2015 йилда бундай кўрикдан ўтказилган. Ҳайдовчилардан бири ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб қўйилган бўлса-да, автобусни бошқарган. Автомеханик Баҳодир Пердебаев эса носоз автобуснинг хизмат кўрсатишига рухсат берган. Автобус ана шундай қатор камчиликлар билан Сариоғочдан Қозон шаҳрига йўл олган.

Уч ҳайдовчи солярка музлаб қолгунига қадар навбат билан автобусни бошқариб борган.

2018 йилнинг 18 январида фожиа юз берган куни ҳайдовчи Нуржон Қирғизбоев йўловчилар исиниши учун кавшарлаш лампасини салонга олиб кирган ва яна бир ҳайдовчи Барот Танатов билан бирга ташқарига чиқиб кетган.

"Қирғизбоев ёнғинга қарши қоидаларни бузган ҳолда ёниб турган кавшарлаш лампасини бензин тўла канистр ёнига қўйган. Канистр ёнида икки йўловчи ва ҳайдовчи Мақсад Пернебеков бўлган. Ҳайдовчилар Қирғизбоев ва Танатов пастга тушиб шу атрофда тўхтаб турган машинадан автобусни тортиб кетишни сўрамоқчи бўлишган.

Автобусга қайтганларида йўловчилардан бирининг шими ёнаётганини кўришган. Йўловчи ташқарига отилиб чиқиб қорда кийимини ўчирмоқчи бўлган. Бу пайтда автобус портловчи газлар билан тўлиб қолганди. Портлашдан бир неча сония олдин йўловчилардан бири ва ҳайдовчи Мақсад Пернебеков салондан чиқишга муваффақ бўлган, лекин уларнинг оёқ-қўллари куйган.

Портлаш содир бўлган ва иккинчи қаватдаги 52 йўловчининг барчаси тириклай ёниб кетган”, — деган прокурор суд мажлисида.

Экспертиза хулосаларига кўра, улар ис газидан заҳарланиш ва куйиш натижасида ҳалок бўлган.

Мазкур фожиа бўйича суд мажлиси 3 сентябрда бошланган, унда марҳумларнинг яқинлари уларнинг ҳалок бўлганига ишонмасликларини айтганди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *