Президент Миллий боғда очилган Адиблар хиёбони ва Ёзувчилар уюшмасининг янги биноси билан танишди

дек 23 / 2017
alt
 
Бугун, 23 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, янги лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида Тошкент шаҳридаги бир қатор ижтимоий объектларга ташриф буюрди.
 
Давлат раҳбари дастлаб, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида бунёд этилган янги биноси қурилиши ва Адиблар хиёбонида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
 
2017 йилнинг июнь ойида Шавкат Мирзиёев бу ерга ташриф буюриб, қурилиш ва ободонлаштириш билан боғлиқ топшириқлар берган эди. Ўтган 6 ой давомида 9,6 гектардан иборат майдонда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг янги биноси қад ростлади. Бино икки қаватдан иборат бўлиб, унинг биринчи қаватига “Жаҳон адабиёти”, “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик” журналлари таҳририятлари ҳамда “Ижод” жамоатчилик фонди жойлашади. Бинода 150 ўринлик фаоллар зали ҳам мавжуд бўлиб, у ижодий кечалар, бадиий муҳокамаларни шу ернинг ўзида ўтказиш имконини беради. Бинонинг иккинчи қаватида Ёзувчилар уюшмаси жойлашади. Унинг ҳузурида бой кутубхона ҳам ташкил этилади.
 
Давлат раҳбари Уюшма ҳовлисини кишини илҳомлантирадиган гўзал гулзорга айлантириш юзасидан кўрсатмалар берди. Адиблар хиёбонида ҳар куни машҳур шоирларимизнинг шеърлари янграб туриши кераклигини таъкидлади.
 
UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамдаTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *