Россия 13 млн долларни ўзлаштириб, молиявий пирамида яратган шахсни Ўзбекистонга экстрадиция қилди

сен 10 / 2018

alt

Россия Ўзбекистонга 32 ёшли Сухроб Фозиловни экстрадиция қилди. Бу ҳақда Москва шаҳар прокуратураси матбуот хизмати хабарига таяниб Халқ сўзи ахборот берди.

Маълумотларга кўра, Фозилов 2010 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қидирилаётган бўлган.

Мазкур шахс Ўзбекистон Жиноят кодексининг 242 (жиноий уюшма ташкил этиш), 168 (фирибгарлик), 243-модда (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш)ларида назарда тутилган жиноятларни амалга оширганликда айбланмоқда.

Фозилов 2007 йилдан 2009 йилнинг июнига қадар Ўзбекистон ҳудудида оффшор зоналарда рўйхатдан ўтказилган, молиявий пирамида кўринишидаги чет эл компаниялари вакиллари ҳомийлиги остида яратилган жиноий фаолиятни ташкил қилган ва унинг бўлинмаларига раҳбарлик қилган.

2008—2009 йилларда алдов ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан Самарқанд вилояти ҳудудида яшовчи 140 фуқаронинг жами 61 минг доллар маблағларини ўғирлаган ва чет эл компанияси ҳисобига ўтказган. Шунингдек, жиноий ҳамжамиятнинг бошқа бўлинмалари раҳбарлари билан биргаликда 13 миллион доллардан ортиқ “орттирилган” даромадларни легаллаштирган.

2017 йил ноябрида давлатлараро қидирувда бўлган Фозилов Москва метрополитенида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан қўлга олинганди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *