Россия ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациялари ўртасида Ҳамкорлик тўғрисида Келишув имзоланди

сен 06 / 2017

alt

5 сентябрь куни Россия Мустақил касаба уюшмалари Федерацияси раиси Михаил Шмаков раҳбарлигидаги делегация расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди.

Ташрифдан кўзланган мақсад – “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да ташқи сиёсат соҳасида ўзаро манфаатли ва амалий ҳамкорликни кучайтириш бўйича белгиланган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда, Россия ва Ўзбекистон касаба уюшма марказлари ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни янада ривожлантириш, Ўзбекистонда турли тармоқлар ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини таъминлаш, ижтимоий шериклик ва ижтимоий мулоқотни ривожлантириш йўналишларида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар билан танишиш, шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Россия Мустақил касаба уюшмалари Федерацияси ўртасидаги ҳамкорлиги ва унинг истиқболларини муҳокама этишдир.

Ташриф доирасида делегация аъзолари Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир ўринбосари Ж.Қўчкоров билан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида касаба уюшма фаоллари билан учрашди.

Учрашув давомида асосий эътибор фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоялаш, аҳоли бандлиги, меҳнат муҳофазаси, меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликни ривожлантириш масалаларига қаратилди.

Фаоллар билан учрашув доирасидаги очиқ ва конструктив мулоқотлар давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Россия мустақил касаба уюшмалари Федерацияси ўртасидаги иккитомонлама ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича фикр ва мулоҳазалар алмашилинди. Хусусан, учрашув давомида Россияда Ўзбекистон меҳнат мигрантлари касаба уюшмасини тузиш ёки уларни тегишли тармоқ касаба уюшмалари аъзолигига қабул қилиш, Тошкентда Россия мустақил касаба уюшмалари Федерацияси қошидаги Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Академияси филиалини ташкил этиш, Ўзбекистон касаба уюшма фаоллари учун Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Академиясида хафталик ўқув курсларини ташкил этиш тажрибасини қайтадан йўлга қўйиш каби масалалар муҳокама этилди.

Иқтисодиётнинг глобаллашуви шароитида Россия ва ўзбекистон касаба уюшмалари ўртасидаги иккитомонлама ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларининг муҳимлигини эътиборга олган ҳолда ҳамда РМКУФ билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Россия мустақил касаба уюшмалари Федерацияси ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ўртасида Ҳамкорлик тўғрисида Келишув имзоланди.

alt

Маълумот учун, Россия Мустақил касаба уюшмалари Федерацияси (РМКУФ) 1990 йилда ташкил топган бўлиб, Россия меҳнаткашларининг энг йирик бирлашмаси ҳисобланади ва 122 аъзо ташкилотни, шу жумладан, 42 умумроссия, ҳудудлараро касаба уюшмалари ҳамда 80 та ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаларини бирлаштиради. 5 та умумроссия касаба уюшмалари Россия мустақил касаба уюшмалари Федерацияси билан келишувлар асосида ҳамкорлик қилади. Россия мустақил касаба уюшмалари Федерацияси бирлаштирувчи касаба уюшмаларида 20 миллиондан ортиқ аъзо мавжуд бўлиб, улар Россиядаги барча касаба уюшма аъзоларининг 95 фоизга яқинини ташкил этади. 

РМКУФ касаба уюшма таълимининг ривожланган тизимига эга бўлиб, унинг таркибига    2 та олий ўқув муассасаси – Москвадаги Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Академияси ҳамда Санкт-Петербургдаги Касаба уюшмалари Санкт Петербург гуманитар университети киради. Шунингдек, бугунги кунда Россиянинг ўнлаб ҳудудларида уларнинг филиаллари тармоғи фаолият кўрсатмоқда.

Россия мустақил касаба уюшмалари Федерацияси Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) билан фаол ҳамкорлик қилади ва Халқаро касаба уюшмалари Конфедерациясининг энг йирик аъзо ташкилоти ҳисобланади. 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *