Самарқандда Президент академиясининг ҳудудий филиали ташкил этилди

авг 28 / 2018

alt

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 6 августдаги қарорига кўра, Гулистон, Қарши, Самарқанд, Урганч ва Фарғона шаҳарларида академиянинг ҳудудий филиаллари ташкил этилди, деб хабар бермоқда Zarnews.uz.

Қуйидагилар академия ҳудудий филиалларининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

замонавий шароитларда бошқарув кадр­ларининг касбий билим ва савиясига қўйилаётган талабларни ҳисобга олган ҳолда жойларда давлат ва жамият бошқаруви соҳасидаги раҳбар кадрларнинг малакасини ошириш;

малака ошириш курслари тингловчиларида маҳаллий бошқарув ва ҳудудий ривожланиш соҳасидаги чуқур ва амалиётга йўналтирилган, шунингдек, стратегик режалаштириш, горизонтал ва вертикал муносабатлар тизимига оид билимларни, давлат ва ҳудудий дастурларни ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни сифатли ижро этиш кўникмаларини шакллантириш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий тузилмалари, шунингдек, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотларнинг бош­қарув кадрлари ва масъул ходимлари учун вазирлик, идора ҳамда бошқа ташкилотларнинг раҳбарларини жалб этган ҳолда доимий асосда ўқув-амалий семинарларни ташкил этиш;

ўқув-амалий семинарлар доирасида тинг­ловчиларда фаолиятни режалаштириш ва иш режалари ("йўл хариталари")ни сифатли бажариш кўникмаларини шакллантириш;

малака ошириш курслари ва ўқув-амалий семинарлар жараёнида аниқланган муаммолар бўйича ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлаш.

Ҳудудий филиалларга академия ректори томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган, шунингдек, мақоми ва меҳнатга ҳақ тўлаш шарт-шароитлари бўйича академиянинг факультет деканига тенглаштириладиган директор раҳбарлик қилади. 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб малака ошириш курсларига машғулотлар ўтказиш учун соатбай иш ҳақи тўлаш шартлари билан жалб этиладиган шахсларга соатбай иш ҳақининг миқдори белгиланган миқдорлардан 25 фоиздан икки ярим бараваргача оширилган ҳолда берилиши мумкин.

Қарорда ҳудудий филиалларда бошқарув кадрлари, шу жумладан, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда давлат гранти ва тўлов-контракт асосида давомийлиги бир ойдан ошмаган қисқа муддатли дастурлар бўйича малака оширилиши, малака ошириш курсларига фақат маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат бошқаруви органларининг ҳудудий тузилмалари ҳамда бошқа давлат ташкилотларининг бошқарув кадрлари ва масъул ходимлари давлат гранти асосида қабул қилиниши, ҳудудий филиаллар фаолиятини услубий таъминлаш ҳамда малака ошириш курслари ва ўқув-амалий семинарлар учун ўқув дастурларини ишлаб чиқиш академия томонидан белгиланган тартибда амалга оширилиши, малака ошириш курсларидан муваффақиятли ўтган бошқарув кадрларига белгиланган намунадаги сертификатлар берилиши тартиби ўрнатилди.

Академиянинг Самарқанд филиали Самар­қанд давлат университети бош биносида фаолият бошлади. 2018 йил сентябрь ойидан бошлаб бу ерда Самарқанд, Бухоро ва Навоий вилоялари шаҳар ва туман ҳокимларининг ўринбосарлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг шаҳар ва туман бўлинмалари раҳбарлари малака оширадилар.

Малака ошириш курси олти кун давом этиб, 72 соатлик вебинар, суҳбат, тренинг машғулотларидан иборат. Шунингдек, тингловчиларга мустақил таълим учун топшириқлар берилади ва уларни бажариш якунида тақдимот, муайян кейс ечими ва ёки чора-тадбирлар режаси ва "йўл харитаси" лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Вебинар машғулотлари академия профессор-ўқитувчилари томонидан он-лайн тарзда олиб борилади. Суҳбат ва тренинглар эса мини-маъруза ва мавзу бўйича муҳокама шаклида, ақлий ҳужум, кичик гуруҳларда ишлаш, кейс-стади ва диалог шаклларида ташкил этилади.

Малака ошириш курси тингловчиларининг ўзлаштириши академия таълим портали орқали он-лайн мониторинг қилинади. Тизимли равишда топшириқлар бериш ва тестлар ечиш билан уларнинг билими баҳоланади.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *