Самарқанддаги дўконда газ портлаши оқибатида 18 яшар йигит ва 14 ёшли қиз ҳалок бўлди

июл 11 / 2018

alt

Самарқанд шаҳридаги «Янгиобод» маҳалласида яшовчи оила дўкон юритиб келарди. Ўша куни она ўғли билан дўконни 14 яшар қизалоққа қолдириб бозорга кетди. Бироз вақт ўтгач, харидор кириб келди ва сигарета харид қилди. 18 яшар бола сигаретанинг шу ернинг ўзида тутатиб олишни сўради. Ёқилган олов портлашга сабаб бўлди.

Танасининг 80 фоизидан ортиғи куйган ўғил ва қиз республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиалининг куйиш бўлимига ётқизилди. Бироқ шифокорларнинг уринишлари зое кетди. Ўспириннинг юраги фожиадан уч кун ўтиб тўхтади. Тўртинчи куни қиз ҳам вафот этди, деб ёзади “Самаркандский вестник” газетаси.

“Марказгазтаъминот” УК бош муҳандиси Х.Бобомуродовнинг сўзларига кўра, воқеа жойида экспертиза ўтказилди. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, маиший газ трубалар коррозияга учрагани туфайли сизиб чиққан.

- Маҳалламиз ҳудудида шимолий тақсимлаш станциясидан ғишт заводигача газ трубалари ётқизилган, - дейди Янгиобод маҳалла фуқаролар йиғини раиси У.Пўлатов. – Шу ернинг ўзидан ёқилғи қуйиш шохобчаларига ҳам қувурлар тортилган. Барча қувурлар юк машиналар ўтувчи автомобиль йўли тагидан ўтган. Мутахассислар газ сизиб чиққан қувур тешигини топишди. Дўкон газ тармоқларига уланмаганига қарамасдан газ тупроқ орқали, балки кемирувчилар инларидан ўтиб, хонада тўпланган. Ёқилган сигарета портлашга сабаб бўлган. Бу воқеадан сўнг "Биз порох устида яшаётгандаймиз", деб хавотирда қолдик. Ахир, исталган пайтда, исталган жойдан газ сизиб чиқиши мумкин-да.

Нашрда келтирилишича, воқеа жойи ҳудудидан кўплаб газ трубалари ўтган. Тешик пайдо бўлган қувур Самарқанд ғишт заводларидан бирига тегишли. Уларни қоида бўйича олиб борилиши керак бўлган текшириш ишлари охирги марта қачон ўтказилгани номаълум.

Демакки, маҳаллада яшовчи деярли юз кишининг хавфсизлигига кафолат йўқ, деб хулоса қилади мақола муаллифи.

UZ24: ХАБАР ВА ЯНГИЛИКЛАРНИ TELEGRAM'ДА ҲАМ КУЗАТИБ БОРИНГ

 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *