Шаржадан учиб келган қоидабузарлар тўхтатиб қолинди

июл 31 / 2018

alt

Тошкент халқаро аэропорти божхоначилари Бирлашган Араб Амирликларининг Шаржа шаҳридан учиб келган йўловчиларни божхона назоратидан ўтказиш чоғида товар-моддий бойликларни юртимизга ноқонуний олиб ўтишга уриниш билан боғлиқ қонунбузарлик ҳолатларини фош этди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, “Яшил” йўлак орқали ҳаракатланаётган фуқаро Ш.И.нинг сумкаси назорат тартибида божхона кўригидан ўтказилган. Аммо ушбу шахс божхона назоратига тақдим қилинмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўровида айтилмаган, жисмоний шахслар учун олиб кириш меъёридан ортиқ бўлган, умумий нархи 45 миллион сўмдан ортиқ турли парфюмерия воситалари ва уяли телефонларни юртимизга ноқонуний олиб кирмоқчи бўлганлиги маълум бўлди.

Худди шу рейс билан учиб келиб, “Қизил” йўлак орқали ҳаракатланаётган фуқаро Н.М. ҳам ўзи билан олиб келаётган белгиланган меъёрдан ортиқ товарларини йўловчи декларациясида қайд этмаган. Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ушбу шахс тўхтатилиб, божхона кўригидан ўтказилганда, божхона назоратига тақдим қилинмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўровида айтилмаган, жисмоний шахслар учун олиб кириш меъёридан ортиқ бўлган, умумий нархи 80 миллион сўмлик уяли телефонлар, планшетлар, қўл соатлари ва уяли телефон дисплейлари борлиги аниқланган.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *