Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Конституциянинг 25 йиллиги билан табриклади

дек 08 / 2017

alt

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимда маъруза қилди.

Маърузада давлат раҳбари Ўзбекистон халқини ушбу байрам билан самимий муборакбод этди.

“Йигирма беш йил – тарих учун бир лаҳза, холос. Шу қисқа даврда жонажон Ўзбекистонимиз мустақил ва суверен давлат сифатида шаклланиб, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллади, том маънода улкан тараққиёт йўлини босиб ўтди.

Ана шу машаққатли ва шарафли йўлда эришган барча ютуқларимизни, энг аввало, Конституциямиз билан боғлашимиз, албатта, бежиз эмас. Нега деганда, Асосий қонунимиз халқимиз узоқ йиллар орзу қилган миллий мустақиллигимиз ва ривожланиш йўлимиз, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини белгилаб берди”, дейилади маърузада.

Маърузада Конституция яратилишда унутилмас хизмат қилган инсон  – Биринчи Президент Ислом Абдуғаниевич Каримов тилга олинган.

“1990 йил июнь ойида тузилган Комиссиянинг икки йиллик машаққатли меҳнати натижасида Конституциянинг биринчи, иккинчи ва сўнгра учинчи лойиҳалари ишлаб чиқилди. Ушбу Комиссия аъзоси сифатида мен ана шу тарихий жараёнда бевосита иштирок этганимни доимо фахр билан эслайман. Конституциянинг яратилиши билан боғлиқ қизғин баҳс-мунозаралар, турли ғоя ва фикрлар ҳали ҳам хотирамда.

Асосий қонунимиз икки марта – 1992 йил сентябрь ва ноябрь ойларида умумхалқ муҳокамасига олиб чиқилди. Лойиҳалар муҳокамасида кенг жамоатчилик, бутун халқимиз фаол иштирок этиб, мамлакатимизнинг тараққиёт йўли, унинг келажагига дахлдор кўплаб фикр-мулоҳазалар ва таклифлар билдирди.

Умумхалқ муҳокамаси якунларига кўра, Бош қомусимиз лойиҳасига 100 га яқин тузатишлар киритилди ва 1992 йил 8 декабрь куни Олий Кенгаш сессиясида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинди”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Президент маърузасида Конституцияга амал қилинишининг кафили сифатида жамиятимизда қонун устуворлигини таъминлашни, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни ўзининг нафақат вазифаси, энг аввало, муқаддас бурчи, деб ҳисоблашини таъкидлаган.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *