Шавкат Мирзиёев: "Энг оммавий санъат бўлган кинонинг беқиёс имкониятларидан самарали фойдалaнишимиз керак"

дек 29 / 2017

alt

Бугун, 29 декабрь куни Шавкат Мирзиёев раислигида миллий кино санъати ва киноиндустриямизни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлили ва бу борада мавжуд муаммоларни ҳал этиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Йиғилишда Бош вазир, тегишли вазирлик ва идоралар, “Ўзбеккино” миллий агентлиги ва унинг тизимидаги ижодий ташкилотлар раҳбарлари, киноижодкорлар вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда Президент соҳа олдида турган долзарб вазифалар ҳақида тўхталиб, кино санъатининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, маданият ва санъат йўналишидаги олий таълим муассасалари, тажриба ва малака оширишини ташкил этиш билан боғлиқ ишларни жадаллаштириш ва уни тизимли равишда йўлга қўйиш зарурлигини алоҳида қайд этди.

Жумладан, вилоятларимизда маданият ва санъат коллежлари, пойтахтимизда эса Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, Нукус ва Қўқон шаҳарларида унинг филиаллари фаолиятини такомиллаштириш, кино соҳаси учун сценарист ва режиссёрлар, оператор ва актёрлар тайёрланаётган бу таълим даргоҳларининг илмий ва ижодий савияси, ўқув дастурлари ва методикасини замонавий талаблар асосида ишлаб чиқиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Яна бир муҳим масала – ҳудудларда кинотеатрлар қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш билан боғлиқ ишлар ҳам атрофлича муҳокама қилинди. 1996 йилга қадар мамлакатимизда  мавжуд бўлган 342 та қишки ва ёзги кинотеатрларнинг 323 таси ўтган йиллар мобайнида хусусийлаштирилиб юборилган. Уларнинг асосий қисми савдо мажмуаси, тўйхона, бозорга айлантирилиб, фаолияти буткул ўзгартирилган ёки бузиб ташланган. Бугунги кунда мулкчилик шакли турлича бўлган 176 та кинотеатрдан 8 таси авария ҳолатида, 65 таси жиддий таъмирталаб, қолганларининг деярли ярми фаолият кўрсатмайди.

Ана шулардан келиб чиққан ҳолда, вилоят ва туманларда кинотеатрлар фаолиятини қатъий йўлга қўйиш бўйича тегишли мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди. 

Бугунги кунда хусусий киностудиялар сони ҳам кўпайиб бормоқда. Буни ижобий ҳол сифатида баҳолаш мумкин. Бироқ соҳа бўйича профессионал билимга эга бўлмай, ўқиб-ўрганмай, ҳақиқий устоз тарбиясини олмай, бу соҳада кутилган натижага эришиш мумкин эмаслиги, бунинг учун алоҳида  тизим яратиш зарурлиги таъкидланди.

Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни  қўллаб-қувватлаш йилида барча соҳалар қатори миллий киноиндустриямизни ҳам инновацион ёндашувлар асосида ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш кераклиги таъкидланди.

“Дунё миқёсида турли ғоя ва мафкуралар кураши, одамлар, айниқса, ёшларнинг қалби ва онгини эгаллаш учун турли кучлар ўртасида рақобат кескин тус олган бугунги кунда энг оммавий санъат бўлган кинонинг беқиёс имкониятларидан самарали фойдаланишимиз керак. Биз буюк халқимизни улуғламоқчи, Ўзбекистон номини бутун дунёга тараннум этмоқчи эканмиз, бу ишни биринчи навбатда кино санъати ёрдамида амалга оширишимиз керак. Айнан кино санъати орқали жаҳон экранларини забт этишимиз, шу йўл билан дунё аҳлининг диққат-эътиборини қозонишимиз мумкин. Бунинг учун яна бир бор куч ва имкониятлар, ижодий салоҳиятни ишга солишимиз керак, деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамдаTelegram'да ҳам кузатиб боринг

  • Мехмон
    30 декабр 2017, 20:25

    Кинонинг бекиес имкониятлари мавжуд. Ахир макол борку куш уясида курганини килади. Демак нимани курсатсак халкимизннинг эртанги куни ва келажаги шу мухрланган тасвирлар оркали усади. Иложи борича ранг баранг замонавий булиши, айникса бирни куриб шукур кил бирни куриб фикр кил бирни куриб бунедкор бул ешларга тарбиячи, тадбиркорга кумакчи, кизларга йулдош, елгизларга сирдош булса. Махсус танлов комиссияси сенарийларни куриб лицензия берса. факат юксак малакали булса комиссия... Киноларнинг бадиий савияси ортар эди... Президентимизга рахмат ...

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *