Тўй-ҳашам ва бошқа маросимларни ихчамлаштириш тўғрисида тартиб белгиланди: Келин тушадиган уйни жиҳозлаш куёв томон зиммасига юкланди

авг 08 / 2017

alt

Тошкент шаҳар ҳокимининг 18 июлдаги фармойишига асосан, “Тошкент шаҳрида ўтказиладиган ўзбек миллатига хос тўй-ҳашам, тантана, маросим ва бошқа оилавий тадбирларни тартибга солиш ва ихчамлаштириш тўғрисидаги тавсиявий тартиб” белгиланди.

Ушбу тартибни “Жамоатчилик кенгаши” томонидан тавсия этилаётган таклифлар асосида Тошкент шаҳрининг барча маҳаллаларида кенг тарғиб қилиш топширилди.

Унга кўра: 
1. Никоҳ тўйи ўтказилаётганидан маҳалла хабардорлигини таъминлаш мақсадида ФҲДЁ идоралари томонидан никоҳланувчи ёшлар ариза топшираётган вақтида яшаш жойларидаги маҳаллалардан маълумотнома тақдим этиши;

2. Тўйхона, ресторан ва кафеларда ўтказиладиган тадбир иш кунлари соат 07:00 дан 09:00 гача, 12:00 дан 14:00 гача ва 18:00 дан 23:00 гача ўтказилиши;

3. Тадбирларда таклиф этилганлар сонининг чекланиши (200-300 кишиидан ошмаслиги);

4. Тадбирда диний мавзуда маъруза кўзда тутилган бўлса, фақат дин соҳаси вакили томонидан маъруза қилиниши;

5. Инсон туғилиши билан боғлиқ барча тадбирларни фақат яқин қариндошлар даврасида ўтказиш;

6. Туғруқхонадан олиб чиқиш тадбирини барча санитар нормаларига риоя этган ҳолда, ортиқча дабдабаларсиз ташкил этиш;

7. Бешик тўйи, ўғил тўйи ва ақиқа каби маросимларни 20-30 нафардан иборат яқин қариндошлар ўртасида ортиқча сарф-харажат ва тоғораларсиз ўтказиш;

8. Никоҳ тўйи билан боғлиқ маросимлар қисқартирилиши қатъий белгиланди.

Шунингдек, айнан никоҳ тўйи билан боғлиқ бир қатор маросимлар бекор қилиниб, бир-бирига ўхшашлари бирлаштириб юборилди. Жумладан, оқўрар, унаштирув ва фотиҳа каби маросимлар бирлаштирилиб, ортиқча харажатларга чек қўйилди.

Бўлғуси қайноналар томонидан қимматбаҳо хорижий мебеллар ва бошқа жиҳозлар талаб қилиниши тақиқланди. Келин тушадиган уйни жиҳозлаш куёв томон зиммасига юкланди.

Бундан ташқари, келин-куёвнинг тўйхонага бориш-келиши учун 1-2 та автомобиль хизмат кўрсатиши қатъий белгиланди. Айниқса, лицензияси йўқ хонандаларнинг тўйларда иштирок этиши қаттиқ назоратга олиниб, қўшиқчиларни таклиф этган тўй эгаларига ҳам тегишли чоралар кўриладиган бўлди.

Қолаверса, 3 кунлик қовурдоқ, қуда чақириқ ва чаллари маросимлари бекор қилинди. Рамазон ва Қурбон ҳайитларида келин томонидан юбориладиган йўқловларга чек қўйилди.

 

  • Мехмон
    10 август 2017, 20:45

    Жуда яхши иш булибди хамма вилоятларда жорий этиш керак

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *